Польша Ўзбекистондан мева ва сабзавотлар импортини оширишга тайёр
Ўзбекистон ва Полша ўзаро товар айирбошлашнинг йиллик ўсиши 25-30 миллион долларни ташкил этиши маълум қилинди. 2022 йил охирига келиб бу кўрсаткич 130 млн долларгача ўсиши кутилмоқда, умумий товар айланмаси эса 300 млн доллардан ошиши мумкин

Ўзбекистон элчиси Баҳром Бобоев Польша қишлоқ хўжалиги ва қишлоқни ривожлантириш вазирлиги давлат котиби Рафал Романовский билан учрашди. Бу ҳақда «Дунё» хабар берди.
Маълум қилинишича, элчи ўзаро товар айирбошлашнинг йиллик ўсиши 25-30 миллион долларни ташкил этишини, Ўзбекистоннинг Польшага экспорти ҳар йили қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва бошқа йўналишларни ҳисобга олган ҳолда 15-18 миллион долларга ошаётганини таъкидлади. Польша Европа Иттифоқи давлатлари орасида Ўзбекистон маҳсулотларининг энг йирик импортчиси бўлиб, 2022 йил охирига келиб бу кўрсаткич 130 миллион долларгача ўсиши кутилмоқда, умумий товар айланмаси эса илк бор 300 миллион доллардан ошади.
Рафал Романовский яқин икки томонлама ҳамкорликнинг аниқ натижаларини, жумладан, пандемия ва транспорт-логистика занжирларининг узилиши билан боғлиқ муаммоларга қарамай, 2021 йилда қарийб 30 миллион еврони ташкил этган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг икки томонлама айланмаси кўрсаткичларини юқори баҳолади. Унинг айтишича, Польшага сифатли ўзбек мева ва сабзавотлари етказиб берилмоқда. Шу билан бирга, Польша томони келгусида Ўзбекистондан мева-сабзавот импортини сезиларли даражада оширишга тайёрлиги маълум қилинди.






