Президент 2030 йилгача гидроэнергетикани ривожлантириш бўйича қарор имзолади
Республикадаги гидроэлектр станциялари қуввати 2030 йилга бориб 3416 мегаваттга етказилади.

«Гидроэнергетикани янада ривожлантириш бўйича қўшимча чора тадбирлар тўғрисида»ги Президент қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг Huquqiy axborot канали ёзмоқда.
Қарорга кўра, электр энергетика соҳасида 2030 йилга бориб республикадаги гидроэлектр станциялари қуввати 3416 мегаваттга етказилади. Қарор билан 2021–2030 йилларда гидроэнергетикани янада ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.
Маълум қилинишича, 2022 йил 1 январдан «Ўзбекгидроэнерго» АЖ таркибидаги гидроэлектр станциялари томонидан ишлаб чиқариладиган электр энергияси фаолият турига кўра кафолатланган тарзда II тариф гуруҳи истеъмолчилари учун белгиланган тарифга нисбатан:
- сув оқими бўйича ишлайдиган гидроэлектр станцияларида — 70 фоиз миқдорда;
- электр энергетикаси тизимининг режимига боғлиқ ҳолда диспетчер томонидан тартибга солинадиган, ростловчи гидроэлектр станцияларида — 100 фоиз миқдорда;
- гидротўплаш электр станцияларида — 150 фоиз миқдорда сотиб олинади.
Электр энергиясини янги ишга тушириладиган қуёш, шамол, биогаз электр станцияларидан (бундан саноат кўламидаги 1 мегаватт ёки ундан ортиқ қувватлар мустасно), қуввати 5 мегаваттгача бўлган гидроэлектр станцияларидан ўз эҳтиёжлари учун ишлаб чиқарилгандан ортиқча электр энергиясини кафолатланган тарзда сотиб олиш II гуруҳ истеъмолчилари учун белгиланган тарифнинг 80 фоизи миқдорида амалга оширилади.
Шунингдек, хусусий инвесторлар (ташаббускорлар) қуввати 1 мегаваттгача бўлган қуёш, шамол, биогаз ва қуввати 5 мегаваттгача бўлган гидроэлектр станцияларида ишлаб чиқарилган электр энергиясини шартнома асосида тўғридан-тўғри етказиб бериш ҳуқуқига эга.






