Президент 50 минг аҳолини даромадли иш билан таъминлашга топшириқ берди
Шавкат Мирзиёев ҳоким ёрдамчилари билан биргаликда ҳар бир маҳаллада қурилиш бригадалари тузиб, 50 минг аҳолини даромадли меҳнат билан таъминлаш бўйича топшириқ берди

Президент раислигида бўлиб ўтган йиғилишда ҳар бир вилоят ҳокимига 2023 йилда қурилиши керак бўлган 5-10 мингта уй-жой режасини тайёр қилиб, бир ой муддатда ер участкаларини аукционга чиқариш вазифаси топширилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Шунингдек, видеоселектр йиғилишида Президент томонидан мутасаддиларга бир ой муддатда қурилиш соҳасида 6 ойгача ишга қабул қилиш бўйича соддалашган меҳнат шартномаларини ишлаб чиқиб, 2023 йилда норасмий сектордаги 100 минг аҳолини қонуний фаолиятга ўтказиш вазифаси қўйилди.
«Ҳоким ёрдамчилари билан биргаликда ҳар бир маҳаллада қурилиш бригадалари тузиб, 50 минг аҳолини даромадли меҳнат билан таъминлашга топшириқ берилди. Бунда, уларга меҳнат қуролларини харид қилиш учун субсидия ажратилиши таъкидланди», — дейилади хабарда.
Йиғилиш якунида ҳудуд ва тармоқлар раҳбарлари йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш ва янги вазифалар ижросини ташкил этиш юзасидан Президентга ҳисобот берди.






