Президент тавсия қилган номзод Савдо-саноат палатасига раис бўлди
Даврон Ваҳобов номзоди делегатлар томонидан бир овоздан маъқулланди.
Даврон Ваҳобов Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси этиб тайинланди. Бу ҳақда палатанинг Тошкент вилояти бошқармаси хабар берди.
Таъкидланишича, Ўзбекистон Савдо-саноат палатасининг навбатдан ташқари қурултойи бўлиб ўтди. Унда қурултой делегатлари, ҳукумат вакиллари, вазирлик, идора ва ташкилотлар раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари иштирок этган.
Қайд этилишича, қурултойда Ўзбекистон Президенти томонидан Савдо-саноат палатаси раиси лавозимига тавсия этилган Даврон Ваҳобов номзоди делегатлар томонидан бир овоздан маъқулланган ва у Савдо-саноат палатаси раиси этиб тайинланган.
Даврон Ваҳобов тайинловга қадар «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари лавозимида фаолият юритиб келаётганди.
Маълумот учун, Савдо-саноат палатасига раислик қилиб келган Адҳам Икромов Спортни ривожлантириш вазири этиб тайинланганди.