Қашқадарёда «Агробанк» филиали мансабдорлари қарийб 4 млрд сўмни талон-торож қилгани айтилмоқда
«Агробанк» АТБ Қашқадарё вилоят бошқармаси Қамаши филиали мансабдор шахслари салкам 4 млрд сўмни ўзлаштириш ва растрата қилиш йўли билан талон-торож қилгани айтилмоқда. Ҳолат юзасидан 3 нафар шахсга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган

«Агробанк» АТБ Қашқадарё вилоят бошқармаси Қамаши филиали мансабдор шахслари жиноий тил бириктириб, ўзига ишониб топширилган маблағларни ўзлаштириш ва растрата қилиш йўли билан талон-торож қилган. Бу ҳақда вилоят прокуратураси матбуот хизмати хабар берди.
Uznews’нинг маълум қилишича, талон-торож қилинган сумма қарийб 4 миллиард сўмни ташкил этади.
Мазкур ҳолат юзасидан ИЖҚҚ департаменти Қашқадарё вилоят бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 167 (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 209-моддалари (мансаб сохтакорлиги) билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари вилоят прокуратураси томонидан олиб борилмоқда.
Вилоят прокуратурвсига кўра, тергов давомида 3 нафар мансабдор шахсга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
«Терговнинг бориши алоҳида назоратга олинган. Тергов якуни бўйича батафсил ахборот берилади», дейилади хабарда.
Аввалроқ Ўзбекистонда 2022 йил давомида жами 2965 та жиноят иши бўйича 3116 нафар мансабдор шахс жиноий жавобгарликка тортилгани ҳақида хабар берилганди. Улар жиноятлари оқибатида давлат ва жамият манфаатларига 1,012 триллион сўм миқдорида моддий зарар етказган бўлиб, ушбу зарарнинг 847 миллиард сўми ундирилган.
Шунингдек, жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судлари томонидан 2022 йил давомида 12 141 нафар шахсга нисбатан 9807 та жиноят иши кўриб тамомлангани ҳақида маълум қилинганди. Хусусан, соҳалар бўйича коррупцияга оид кўриб тамомланган ишлар бўйича банк йўналишида 7 нафар шахс жиноий жавобгарликка тортилган.






