Қимор ўйинлари магнатидан Ротшильдлар вакилигача: 2021 йилда вафот этган миллиардерлар
Хитойлик тадбиркор Цзо Хуэй — вафот этган энг ёш миллиардер.

2021 йилда жами бўлиб 27 нафар миллиардер вафот этди ва ўз ортидан бизнес ҳамда миллиардлаб доллар капитал қолдирди. Улар Forbes томонидан 2021 йил апрель ойида дунёнинг энг бой одамлари рўйхатига киритилган 2755 миллиардер қаторида эди.
2021 йилда вафот этган миллиардерларнинг аксарияти 80 ёшдан ошганди. Улар орасида АҚШ Республикачилар партиясининг энг йирик донори Шелдон Адельсон ва британиялик бизнесмен сер Дэвид Баркли, вертолёт қулаши оқибатида ҳалок бўлган франциялик миллиардер Оливье Дассо ва чехиялик миллиардер Петр Келлнер бор эди.
Вафот этганларнинг энг ёши — хитойлик миллиардер Цзо Хуэй. У KE Holdings кўчмас мулк брокерига асос солган ва 50 ёшида вафот этган. Қуйида 2021 йилда вафот этган энг бой ва машҳур 10 нафар миллиардер ҳақида сўз боради.
Шелдон Адельсон
- Фуқаролиги: АҚШ
- Молиявий ҳолати: 35 миллиард доллар
- Вафот вақти: 2021 йил январь, 87 ёшда

Республикачиларнинг нуфузли тарафдори ва қимор ўйинлари магнати Шелдон Адельсон Лас-Вегас, Сингапур ва Макаода казино ва курортлар тармоғини яратиб, 35 миллиард доллар бойликка эга бўлди. Вафоти олдидан у дунёдаги энг бой миллиардерлар рўйхатида 19 ўринни эгаллаган эди.
Адельсон ўз бойлигидан Америка сиёсатининг «кулранг кардинали»га айланишда фойдаланишга ҳаракат қилди: у Республикачилар партиясининг энг йирик донорларидан бири бўлган ҳамда Ньют Гингрич, Митт Ромни, Дональд Трамп ва бошқа республикачи номзодларни қўллаб-қувватлаш учун миллионлаб доллар сарфлаган.
Ҳаётлари давомида Адельсон ва унинг рафиқаси Мириам консерватив кампания ва лойиҳаларга 500 миллион доллардан ортиқ сармоя киритган.
Петр Келлнер
- Фуқаролиги: Чехия
- Молиявий ҳолати: 17,5 миллиард доллар
- Вафот вақти: 2021 йил март, 56 ёшда

Келлнер PFF Group инвестиция фондига асос солган. Фонд хусусийлаштириш пайтида энг йирик Чехия суғурта компаниясининг назорат пакетини сотиб олди ва Келлнерни мамлакатдаги энг бой одамга айлантирди.
Россиянинг «Эльдорадо» дўконлар тармоғининг собиқ эгаси Аляскада вертолёт қулаши оқибатида ҳалок бўлди.
Ли Мань Тат
- Фуқаролиги: Гонконг
- Молиявий ҳолати: 17,4 миллиард доллар
- Вафот вақти: 2021 йил июль, 91 ёшда

Ли LKK Group компаниялар гуруҳини бошқарган. Унинг таркибига дунёдаги энг йирик устритса соусини ишлаб чиқарувчи Lee Kum Kee кирган. Компаниянинг энг йирик заводи узоқ вақтдан бери Ли оиласи яшаб келган Гуанчжоу провинциясида жойлашган.
Цзо Хуэй
- Фуқаролиги: Хитой
- Молиявий ҳолати: 15,5 миллиард доллар
- Вафот вақти: 2021 йил май, 50 ёшда

Цзо Хуэй KE Holdings кўчмас мулк брокерига асос солган ва унга раҳбарлик қилган. У 2000 йилда Хитойда биринчи бўлиб замонавий брокерлик хизматларини кўрсата бошлаган. Айни ўша вақтда Хитой ҳукумати хусусий мулкчиликни рағбатлантириш бўйича ислоҳотларни бошлаганди.
Хайнц Германн Тиль
- Фуқаролиги: Германия
- Молиявий ҳолати: 12,9 миллиард доллар
- Вафот вақти: 2021 йил февраль, 79 ёшда

Тиль Германиянинг тормоз тизими ишлаб чиқарувчи Knorr-Bremse AG компаниясини бошқарган. 60-70-йилларда компаниянинг юридик бўлимида карьера қилган Тиль 1980-йилларда бутун бизнесни ўз қўлига олди.
2007 йилда у нафақага чиқди ва директорлар кенгашининг фахрий раисига айланди. Вафотидан олдин Тиль шунингдек, Vossloh темир йўл ускуналари ишлаб чиқарувчи компаниянинг 50 фоиз ва Lufthansa авиакомпаниясининг 12,4 фоиз акцияларига эга эди.
Гален Уэстон
- Фуқаролиги: Канада
- Молиявий ҳолати: 7 миллиард доллар
- Вафот вақти: 2021 йил апрель, 80 ёшда

Уэстон бобоси Жорж томонидан асос солинган, озиқ-овқат ва кўчмас мулк соҳасида фаолият олиб борган Канаданинг George Weston Limited бизнес империясининг вориси эди. Уэстоннинг ўзи 1970-йилларда Loblaws супермаркетлар тармоғини Канададаги энг йирик озиқ-овқат чакана сотувчисига айлантиргани билан машҳур эди.
Илай Броуд
- Фуқаролиги: АҚШ
- Молиявий ҳолати: 6,9 миллиард доллар
- Вафот вақти: 2021 йил май, 87 ёшда

Миллиардер ва меценат Илай Броуд қурилиш ва суғурта соҳасида мол-мулк орттирган. У Қўшма Штатлардаги арзон стандарт уй-жойларни қурувчи энг йирик компаниялардан бирига айланган Kaufman & Broad компаниясига асос солган.
Шундан сўнг тадбиркор Sun Life Insurance суғурта компаниясини сотиб олди ва 1998 йилда уни AIG компаниясига 18 миллиард долларга акциялар кўринишида сотди. Броуд узоқ вақт касалликдан азият чекиб, вафот этган.
Абхай Вакил
- Фуқаролиги: Ҳиндистон
- Молиявий ҳолати: 6,25 миллиард доллар
- Вафот вақти: 2021 йил ноябрь, 71 ёшда

Вакил Ҳиндистоннинг энг йирик бўёқ ишлаб чиқарувчилардан бири бўлган Asian Paints компаниясининг директори эди. Компанияга унинг отаси 1942 йилда асос солган.
Оливье Дассо
- Фуқаролиги: Франция
- Молиявий ҳолати: 4,7 миллиард доллар
- Вафот вақти: 2021 йил март, 69 ёшда

Оливье Дассо оиласининг аерокосмик бизнесининг меросхўри ва ўнг марказчи франциялик сиёсатчиси эди. Унинг бобоси Dassault Aviation компаниясига асос солган. Ўша компания Биринчи жаҳон уруши пайтида самолётларнинг учига ўрнатиладиган парракларни ишлаб чиқарган. Оливье ёзги уйи жойлашган шимолий Францияда вертолёт ҳалокатида вафот этган.
Бенжамин де Ротшильд
- Фуқаролиги: Швейцария
- Молиявий ҳолати: 1,4 миллиард доллар
- Вафот вақти: 2021 йил январь, 57 ёшда

Бенжамин де Ротшильд Европадаги энг машҳур банкирлар оилаларидан бирининг вакили эди. У Жеймс де Ротшилднинг тўғридан-тўғри авлоди ҳисобланади. Жеймс эса Майер Амшель Ротшильд томонидан 1800-йилларда бутун Европа бўйлаб оилавий банк бизнесини ривожлантириш учун юборган беш ака-укадан бири эди.
Бенжамин 1953 йилда ташкил этилган ва активларни бошқариш билан шуғулланган Edmond de Rothschild гуруҳи оилавий банкининг бўлинмасини мерос қилиб олганди. Миллиардернинг ўлимига юрак хуружи сабаб бўлган.
Edmond de Rothschild Holding SA вакилларининг қайд этишича, Бенжамин «молия, тезлик, яхталар ва автомобилларга иштиёқи бор илғор тадбиркор» бўлган.
Аввалроқ Миллиардер Ричард Брэнсон «омикрон» билан касаллангани хабар қилинганди.






