Қисқача тарих: YouTube’га қандай асос солинган эди?
Платформага жойлаштирилган илк видео ҳайвонот боғида тасвирга олинган.

YouTube дунёдаги энг машҳур веб-сайтлардан бири ҳамда узоқ вақтдан бери етакчи онлайн видео кўриш платформаси бўлиб келмоқда. У ташриф буюрувчилар сони бўйича Google’дан кейин иккинчи ўринда туради.
2020 йил январь ойида платформанинг аудиторияси 2 миллиард томошабинга етди. Барча Интернет фойдаланувчиларнинг 79 фоизи сайтда аккаунтга эга ва бир кун ичида кўришлар сони 1 миллиард соатдан ошади.
Асосчилар

Платформага Стив Чен, Чад Хёрли ва Жавед Карим асос солган.
Чад Хёрли 1977 йилда Пенсилвания штатининг Рединг шаҳрида туғилган. Унинг онаси ўқитувчи, отаси эса молиявий маслаҳатчи эди. Хёрли болалигида санъатга, ўрта мактабда эса компьютер технологияларига қизиқа бошлаган.
1995 йилда Чад Тасвирий санъат университетига ўқишга кирди ва ўқишнинг сўнгги йилида PayPal компаниясига ўз резюмесини юборди. Чад у ерда имтиҳон тариқасида компания логотипини ишлаб чиқди. Натижада у бош дизайнер сифатида ишга қабул қилинди.
Стивен Чен 1978 йилда Тайванда туғилган. Унинг оиласи Қўшма Штатларга кўчиб ўтди, Америкада у ихтисослаштирилган математика мактабини тамомлади ва кейин Урбана-Чампаигндаги Иллинойс университетига ўқишга кирди. Ўқишни тугатгандан сўнг, у ҳам PayPal’га ишга жойлашди ва у ерда Чад Хёрли ва Жавед Карим билан танишди.
Жавед Карим 1979 йилда Мерзебургда туғилган ва Германиянинг Нойс шаҳрида катта бўлган. 1992 йилда унинг оиласи Миннесота (АҚШ)га кўчиб ўтди, у ерда Карим Миннесота марказий мактабини тугатди. Жаведнинг ота-онаси олим бўлиб, иккаласи ҳам университетда ишлаган.
Ўрта мактабда Жавед онаси учун автоном электрон почта тизимини ишлаб чиқди. Мактабдан сўнг, у Урбана-Чампаигндаги Иллинойс университетига ўқишга кирди, аммо уни тугатмади ва PayPal’да ишлай бошлади.
YouTube тарихи
Youtube тарихи 2005 йил январь ойида бошланган. Чад ва Стив зиёфатга борадиган бўлди, бироқ уларга Жавед қўшила олмади. Шунда Чад ва Стив зиёфатдан видео олиб, Жаведга юборишга қарор қилди. Лекин файл ҳажми жуда катта эди ва уриниш самара бермади.
Шундай қилиб, Чад Хёрлида дўстлари билан видеоларни осонгина баҳам кўриш мумкин бўлган ўзининг веб-сайтини яратиш ғояси пайдо бўлди. Шундан сўнг Чад YouTube платформаси дизайнерига айланди, логотип ва интерфейсни ишлаб чиқди. Жавед ва Стив эса дастур устида ишлади.

Сайтдаги энг биринчи материал Жавед томонидан 2005 йил юкланган «Мен ҳайвонот боғида» номли видео бўлди. Бугун ушбу видеолавҳа остида биринчи бўлиб қуйидаги изоҳга кўз тушади:
«Бу ерда биринчи YouTube видеоси суратга олинганидан жуда фахрланамиз!»
Ушбу изоҳ платформадаги илк видео суратга олинган жой, аниқроғи ҳайвонот боғи маъмуриятининг расмий аккаунти томонидан қолдирилган ва 2,3 миллион лайк олган.
Ҳаммаси ҳайвонот боғида олинган 18 сониялик, паст сифатдаги ўша видеодан бошланди. 2005 йилдаёқ YouTube машҳурликка эришди. Бир вақт MySpace ва Google Video’даги фойдаланувчилар YouTube’га кўчиб ўтди. Янги платформанинг оммага ёққан жиҳати шундаки, фойдаланувчилар видеоларни баҳолаши, изоҳ қолдириши мумкин эди. Бундан ташқари, видеоларни юклаш осон ҳамда тез эди.
Орадан олти ой ўтгач, биринчи сезиларли натижалар пайдо бўлди:
- 2 ой ичида сайт аудиторияси 3 баробар ошди;
- 2006 йил март ойида фойдаланувчилар биринчи рекламани кўрди;
- 2006 йил июль ойида видеохостинг Қўшма Штатлардаги энг яхши бешта сайт қаторидан жой олди. Ўша пайтда сайтда 200 миллион рўйхатдан ўтган ташриф буюрувчилар ва 100 миллионгача уникал кўришлар сони бор эди;
- видеохостинг фаолиятининг биринчи йилида асосчилар 300 миллион доллар фойда қилган;
- миллион марта кўрилган биринчи видео эса Роналдинё иштирокидаги Nike рекламаси эди.

Google Youtube’ни сотиб олди
2006 йилнинг кузида YouTube асосчилари Sony BMG, Universal MusicGroup ва Warner Music билан фойдали шартномалар имзолади. Шундан сўнг Google дарҳол YouTube’ни сотиб олиш учун 1,6 миллиард доллар таклиф қилди. Албатта, платформа асосчилари келишувга рози бўлди ва шартнома ноябрь ойида имзоланди. Чад Хёрли 2010 йилгача YouTube бош директори лавозимида ишлади. Кейин у истеъфога чиқди.
Бугунги кунда YouTube шунчаки дўстлар ўртасида видео улашадиган веб-сайт эмас, балки телевизордек муҳим ахборот узатувчи воситани оддий мониторга айлантириб қўйган платформадир.






