«Qo‘qon etnosport chellenj—2022» республика фестивали ўтказилади
Фестиваль дастурида бир-биридан қизиқарли миллий халқ ўйинлари ҳамда цирк томошалари бўлиб ўтади

Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳрида 11 октябрь куни «Qo‘qon etnosport chellenj—2022» республика фестивали бўлиб ўтади. Бу ҳақда Туризм ва маданий мерос вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, мазкур фестиваль Ўзбекистон Президентининг 2022 йил 29 июлдаги «Туркий давлатлар билан туризм соҳасидаги ҳамкорликни жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижроси доирасида ташкил этилмоқда.
Фестиваль дастуридан бир-биридан қизиқарли миллий халқ ўйинлари ҳамда цирк томошалари ўрин олган. «Тадбир иштирокчилар ҳамда меҳмонларга унутилмас таассуротларни ҳадя этиши шубҳасиз. Фестивалга ташриф буюринг ва такрорланмас лаҳзаларга гувоҳ бўлинг», — дейилади хабарда.
Аввалроқ Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ туманида «Орол балиқларидан 99 тур таомлар» гастрономик фестивали ўтказилганди. Шунингдек, сентябрь ўрталарида Тошкент халқаро кинофестивалининг очилиш маросими бўлиб ўтган эди.






