Қозоғистон буғдой ва ун экспортини чеклаб қўйди
Чоралар икки ҳафта ичида кучга киради ва 2022 йил 15 июнгача амал қилади.
Қозоғистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги буғдой ва ун экспорти учун квоталар жорий қилди. Чоралар икки ҳафта ичида кучга киради ва 2022 йил 15 июнгача амал қилади.
Қозоғистон буғдойининг асосий бозорлари Ўзбекистон, Афғонистон, Тожикистон ва Қирғизистон (умумий буғдой импортининг 90 фоизи) ҳисобланади.
«Юқоридаги фармойиш кучга кирганидан сўнг 2022 йил 15 июнга қадар буғдой ва ун экспорти қатъий равишда тасдиқланган квоталар доирасида амалга оширилади: буғдой ва меслин учун — 1 миллион тонна; буғдой ёки буғдой-жавдар уни учун — 300 минг тонна», — дейилади Қозоғистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги баёнотида.
Шу билан бирга, экспортчилар ушбу ҳажмнинг 10 фоизини Қозоғистонда ғалла захирасини сақлаш билан шуғулланувчи Озиқ-овқат корпорациясига етказиб бериши керак бўлади.
Март ойи ўрталарида Россия Қозоғистонни ўз ичига олган ЕОИИ мамлакатларига экспортга вақтинчалик (30 июнгача) тақиқ жорий қилди. Шу билан бирга, Қозоғистон дон иттифоқи вакили Евгений Карабановнинг сўзларига кўра, Россия ғалласи мамлакатда ишлаб чиқарилганидан арзонроқ.
Таъсир
Европа етакчилари бир неча бор Россия-Украина можароси фонида юзага келиши мумкин бўлган озиқ-овқат инқирози ҳақида огоҳлантирган, чунки Украина ва Россия энг йирик дон экспортчилари ҳисобланади.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти таҳлилига кўра, март ойида буғдойнинг ўртача нархи 19,7 фоизга, маккажўхори нархи 19,1 фоизга, умуман дон маҳсулотлари нархи 17,1 фоизга ошган.
Давлат статистика қўмитаси берган маълумотларга кўра, Қозоғистондан Ўзбекистонга 2022 йилнинг январь-февраль ойларида қиймати 113,1 миллион долларга тенг бўлган 436 минг тонна буғдой импорт қилинган. Шунингдек, қўшни давлатдан Ўзбекистонга қиймати 15,9 миллион долларга тенг бўлган 51,3 минг тонна буғдой уни олиб келинган.