Қозоғистон Миллий банки дунёда биринчи бўлиб 3D технологияли тангаларни муомалага чиқарди
Қозоғистон Миллий банки «Қозоғистон ўсимлик ва ҳайвонот дунёси» туркумидаги Balqash Alabuǵasy тангалар коллекциясини муомалага чиқарди

Қозоғистон Миллий банки 2023 йилнинг 3 февралида «Қозоғистон ўсимлик ва ҳайвонот дунёси» туркумидаги Balqash Alabuǵasy тангалар коллекциясини муомалага чиқарди, деб хабар бермоқда Миллий банк матбуот хизмати.
Маълум қилинишича, Берлиндаги медиа-форумда Миллий банкнинг World Money Fair Бутунжаҳон валюта конференциясидаги иштироки доирасида Қозоғистоннинг Balqash Alabuǵasy танга тақдимоти бўлиб ўтди.
«Коллекция тангалари барча турдаги тўловлар бўйича Қозоғистон ҳудудида номинал қиймати бўйича қабул қилинади», дейилади хабарда.
Қайд этилишича, Миллий банк мутахассислари дизайн концепциясини ишлаб чиқишда Balqash Alabuǵasy тангасига янги технологияларни қўллашга қарор қилган. Қозоғистон зарбхонаси 3D ультра юқори рельеф технологиясидан фойдаланган ҳолда инновацион зарб қилишни синовдан ўтказди.
Синов натижаларига кўра, танга текислигидан 17 миллиметр баландроқ бўлган Балхаш олабуғасининг бош рельефига эга нусха олинди.
Қозоғистон Миллий банкининг таъкидлашича, ҳозирча дунёдаги ҳеч бир зарбхона бундай натижага эриша олмайди.






