Қозоғистон ўз нефтини Россияни четлаб ўтган ҳолда сотишни бошлаши мумкин
Қозоғистон ўз нефтининг бир қисмини Россияни четлаб ўтиб, Озарбойжон қувурлари орқали сотишни бошлаши кутилмоқда. Қосим-Жўмарт Тўқаев Россия ҳудудига кирмасдан ўтувчи Транскаспий халқаро транспорт йўналишини устувор йўналиш деб атади.
Қозоғистон ўз нефтининг бир қисмини Россияни четлаб ўтиб, Озарбойжоннинг энг йирик Боку — Тбилиси — Жейхан нефть қувури орқали сотишни бошлаши мумкин. Бу ҳақда манбаларга таяниб, Reuters хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, Қозоғистоннинг «Казмунайгаз» миллий компанияси Озарбойжон давлат нефть компаниясининг савдо бўлими билан Туркиянинг Жейхан портига борадиган қувур орқали йилига 1,5 миллион тонна қозоқ нефтини етказиб бериш бўйича дастлабки музокаралар олиб бормоқда.
Маълумотларга кўра, томонлар якуний келишувни август ойи охирида имзолаши кутилмоқда, етказиб бериш сентябрда бошланади. Йилига яна 3,5 миллион тонна нефть яна бир Озарбайжон қувури орқали 2023 йилда Грузиянинг Супса портига оқиб кела бошлаши мумкин.
Қозоғистон ва Озарбойжон энергетика компаниялари вакиллари изоҳ беришдан бош тортган.
Сўнгги 20 йил давомида Қозоғистон нефтни Каспий қувурлари консорциуми (КҚК) қувурлари орқали Новороссийскга етказиб бермоқда.
КҚК Қозоғистон нефтининг асосий экспорт йўли бўлиб қолмоқда, бу қувур орқали помпаланадиган хом нефтнинг 80 фоиздан ортиғини ташкил қилади. Ҳар куни қувур орқали кунига 1,3-1,4 миллион баррель нефть ўтади.
Бироқ Қозоғистон Президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев Россияни четлаб ўтиб нефть етказиб беришнинг янги усулларини, жумладан, хом ашёни денгиз орқали ташишни йўлга қўйиш зарурлигини айтиб ўтди.
«Қозоғистон ҳеч қачон денгиз мамлакати бўлмаган, аммо ҳозир бошқа замон», — дейди у.
У Хитой, Қозоғистон, Каспий денгизи, Озарбайжон, Грузия, Туркия ва Европа давлатлари орқали Россия ҳудудига кирмасдан ўтувчи Транскаспий халқаро транспорт йўналишини устувор йўналиш деб атади.
Аввалроқ Қозоғистон бензин, дизель ёқилғиси ва нефть маҳсулотларининг айрим турларини автомобиль йўллари орқали экспорт қилишни олти ойга тақиқлаганди.