Қозоғистон Ўзбекистонни картошка билан таъминлашга тайёр
Қозоғистон картошка етиштириш ҳажмини 2022 йилда 4,7 млн тоннага етказди. Натижада мамлакат картошкани Ўзбекистонга ҳам етказиб беришга тайёрлиги маълум қилинди

Қозоғистон қўшни давлатларни картошка билан тўлиқ таъминлашга тайёрлигини маълум қилди. Бу ҳақда «kazinform» хабар берди.
Қозоғистон қишлоқ хўжалиги вазири Ербол Карашукеевнинг айтишича, мамлакатда 2022 йилда илдиз мевали экинларни етиштириш ҳажми 4,7 миллион тоннага етди.
«Бизда 4 миллион тоннага яқин картошка бор. Уларнинг 2 миллион тоннаси уюшган фермер хўжаликларига тўғри келади. Уларнинг ярми хусусий фермер хўжаликларидир. Қишлоқларнинг ярми ўзини ўзи таъминлайди. Жорий йилда сабзавот, картошка етиштиришни 4,2 миллион тоннадан 4,7 миллион тоннага етказдик. Сабзавот гуруҳининг барча турлари учун ҳосилдорликнинг ошиши кузатилди. Сифат жуда яхши», — деди Карашукеев.
Шунингдек, вазирнинг маълум қилишича, Қозоғистон қўшни давлатларни картошка билан таъминлашга тайёр.
«Картошка билан нафақат ўзимизни, балки қўшниларимизни ҳам таъминлаймиз. Ўзбекистон, Россия картошкамизни импорт қилади. Сабзавотларимиз ички бозорга етарли бўлишини назорат қиламиз. Энди бизда ҳеч қандай шубҳа йўқ — сабзавотлар бу йил етарли бўлади. Йил яхши бўлди. Биз ҳаммани таъминлаймиз», — дейди у.






