Қозоғистонда гўштга қўйилган мораторийни тўхтатиш талаб қилинмоқда. Фермерлар маҳсулотни Ўзбекистонга экспорт қилмоқчи
Мамлакатда гўштнинг килограмми 6 доллардан сотилмоқда.

Қозоғистон фермерлари ҳукуматдан гўшт ва бошқа қатор маҳсулотлар экспортига қўйилган мораторийни бекор қилишни сўрамоқда.
Чекловлар 2021 йилнинг ноябрь ойининг охирида, бир неча ой давом этган қурғоқчилик ва чорва молларининг оммавий нобуд бўлишидан сўнг жорий қилинганди.
Эндиликда кўплаб ҳудудларда вазият яхшиланганидан сўнг, фермерлар гўштни ички бозорда сотиш улар учун фойдали эмаслигини таъкидламоқда, чунки маҳаллий бозордаги харид нархлари сунъий равишда паст ва бозор қийматига тўғри келмайди.
Қозоғистонлик фермерлар гўштни хорижга, масалан, қўшни Ўзбекистонга сотмоқчи. Уларнинг сўзларига кўра, қўшни Ўзбекистонда қозоқ гўштининг килограммини 10 доллардан сотиш мумкин. Бироқ маҳаллий бозордаги нарх анча паст — килограммига 6 долларни ташкил этади.
Маҳаллий ишлаб чиқарувчи ва фермерлар ички талабни қондириш учун маълум бир квота қўйилишини, қолган маҳсулотни эса экспорт қилишни сўрамоқда.
Фермерларнинг айтишича, гўшт экспортининг тақиқлангани ва маҳсулотни харидорларга арзон нархда сотиш мажбурияти кўпчиликни оғир аҳволга солиб қўйган. Улар ҳукуматдан асосий маҳсулотлар таннархини бозор белгилашига рухсат беришни сўрамоқда.






