Қозоғистонда вазир ва депутатлар маоши беш йилгача оширилмайди
Президент ўз қарорини амалдорларнинг маоши «жуда етарли» экани билан асослади.

Қозоғистонда мансабдор шахслар ва депутатларнинг маошларига беш йиллик мораторий ўрнатилди. Бу ҳақда Қозоғистон Президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев ҳукумат билан учрашув чоғида маълум қилди.
«Ҳукумат аъзолари, вилоятлар ҳокимлари ва депутатларнинг иш ҳақини оширишга беш йиллик мораторий эълон қилиш мумкин, деб ҳисоблайман», — деган Тўқаев. Президент ўз қарорини ушбу амалдорларнинг маоши «жуда етарли» экани билан асослаган.
Олдинроқ Тўқаев Қозоғистон расмийларининг фуқаролар билан мулоқоти самарасиз эканини айтган эди. Президентнинг сўзларига кўра, давлат органлари раҳбарлари халқ билан қандай мулоқот қилишни билмайди ёки ҳатто қўрқади.
Президент ҳукумат аъзоларининг мунтазам равишда ҳудудларга бориши, ҳокимларнинг эса аҳоли билан учрашувлар ташкил этиши кераклигини таъкидлаган.
Аввалроқ Тўқаев Қозоғистонда «халқ жамғармаси»ни яратиш бўйича топшириқ бергани хабар қилинганди.






