Рейтинг. 2022 йил бошидан бери энг кўп бойлик йўқотган миллиардерлар
Binance криптовалюта биржасининг асосчиси Чангпэнг Чжао энг катта йўқотишга учради.

Дунёнинг 500 нафар энг бой одами 2022 йил бошидан буён 1,4 триллион доллар, жумладан, 13 июнь куни 206 миллиард доллар йўқотди. Бу ҳақда Bloomberg хабар берди.
Агентлик сайёрадаги энг бадавлат одамларнинг ҳолати ҳақидаги маълумотларни акс эттирувчи ўзининг «Миллиардерлар индекси» маълумотлари асосида хулоса чиқарган.
Binance криптовалюта биржасининг асосчиси Чангпэнг Чжао энг катта йўқотишга учради. У Bloomberg’нинг умумий миллиардерлар рўйхатида 190-ўринни эгаллади. Миллиардер йил бошидан бери 85,6 миллиард доллар йўқотган. Агентлик унинг бойлигини 10,2 миллиард долларга баҳоламоқда.
Йўқотишлар бўйича иккинчи ўринда Tesla ва SpaceХ асосчиси Илон Маск турибди, унинг бойлиги 73,2 миллиард долларга камайди.
Amazon асосчиси Жефф Безос 65,3 миллиард доллар йўқотиб, учинчи ўринни эгаллади.
Тўртинчи ўринни 64,4 миллиард доллар зарар кўрган Meta раҳбари Марк Цукерберг эгаллади.
Бешинчи ўрин Louis Vuitton Moët Hennessy гуруҳи президенти Бернард Арнога тегишли бўлиб, йил бошидан бери 56,8 миллиард доллар йўқотган.
Аввалроқ Илон Маск (Tesla, SpaceX), Жефф Безос (Amazon) ва Билл Гейтс (Microsoft) сўнгги беш ой ичида 115 миллиард доллар зарар кўргани ҳақида хабар берилганди.






