Рейтинг. Дунёдаги энг қиммат медиа брендлар
Рейтингдаги барча брендлар умумий қийматининг 66 фоизи технология компаниялари ҳиссасига тўғри келди.
Brand Finance маълумотларига кўра, дунёдаги энг қиммат бренд Google компаниясига тегишли. У 263,4 миллиард долларга баҳоланган. Ҳаммаси бўлиб рўйхатга 50 та глобал медиа брендлари киритилган. Улар орасида Facebook ва TikTok ҳам бор.
Google’нинг деярли барча даромадлари рекламадан тушади, деб ёзади «Коммерсантъ» Brand Finance рейтингига таяниб.
Пандемия даврида ушбу даромад реклама берувчилар ўз харажатларини қисқартириши туфайли камайди. Реклама бозорининг тикланиши натижасида бренд 2021 йилга нисбатан 38 фоизга қимматлашди.
Бренд қиймати бўйича иккинчи ўринни Facebook эгаллади — 101,2 миллиард доллар, WeChat учинчи ўринда — 62,3 миллиард доллар.
TikTok/Doyin (иккинчи номи компаниянинг Хитойдаги бренди) тўртинчи ўринни эгаллади (58,98 миллиард доллар). 2021 йил унинг қиймати 18,4 миллиард долларни ташкил қилган. Бешинчи ўринда эса Disney (57,05 миллиард доллар) жойлашган.
Маълумот учун, рейтингдаги барча брендлар умумий қийматининг 66 фоизи технология компаниялари ҳиссасига тўғри келди.