Рейтинг. Ўзбекистон энг кўп бензин импорт қилаётган давлатлар
Импорт ҳажми 2020 йилга нисбатан 112 млн литрга ошди.

Ўзбекистон 2021 йилнинг январь-ноябрь ойларида 115,3 миллион долларлик бензин импорт қилди. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.
Маълумотларга кўра, 2021 йилнинг январь-ноябрь ойларида Ўзбекистонга қиймати 115,3 миллион долларга тенг бўлган 308,4 миллион литр автомобиль бензини импорт қилинган. Шунингдек, автомобиль бензини импорти 2020 йилнинг мос даврига нисбатан 112 миллион литрга ошган.
Қайд этилишича, Ўзбекистон автомобиль бензинини импорт қилган асосий давлатлар қуйидагилардан иборат:
- Россия — 145,3 миллион литр;
- Туркманистон — 141,2 миллион литр;
- Қозоғистон — 16 миллион литр;
- Ироқ — 3,6 миллион литр;
- Эрон — 1,8 миллион литр.
Маълумот ўрнида, Ўзбекистонда 2021 йилнинг январь-ноябрь ойларида 1 миллион тоннадан зиёд автомобиль бензини ишлаб чиқарилган.
Аввалроқ Ўзбекистон товар-хом ашё биржасида бензин ва шакарнинг кунлик ўртача нархи тушгани хабар қилинганди.






