Россия банклари Украинага ҳужум бошланишидан олдин санкцияларнинг оқибатларини прогноз қилгани маълум бўлди
Банкирлар энг оғир сценарийда ҳам Марказий банкка қарши санкцияларни кутмаган.

Россия Марказий банки ва давлат банклари ҳали «ҳарбий операция» бошланишидан бир ой олдин Путинга Украина атрофидаги вазиятнинг кескинлашуви сабабли қаттиқ санкцияларнинг оқибатлари ҳақидаги прогнозни тақдим этди. Бу ҳақда Frank Media ҳисоботлар мазмуни билан таниш бўлган манбаларга таяниб хабар берди.
Россия Марказий банки, «Сбер» ва «ВТБ» Украинада «ҳарбий операция» бошланишидан бир ой олдин Президент Владимир Путин ва ҳукуматга Киев атрофидаги вазиятнинг кескинлашиши сабабли санкцияларнинг қаттиқ версияси оқибатлари ҳақидаги ўзларининг баҳосини тақдим этган.
Манбаларга кўра, банкирлар учун ҳукуматга Украина атрофидаги вазият янада авж олишининг иқтисодий оқибатларини кўрсатиши муҳим эди. Ўша пайтда Донецк ва Луганск мустақиллигини тан олиш энг қийин сценарий ҳисобланган.
«Ҳатто энг шиддатли тасаввурга эга иштирокчилар ҳам бу қандай оқибатларга олиб келишини тасаввур қила олмади», — деди нашр суҳбатдошларидан бири.
Давлат банклари ва Марказий банк ўз зарарларининг прогнозини тайёрлаган ва кейин уларни ҳукуматга тақдим этиш учун умумий ҳисоботга бирлаштирган. Ушбу тақдимотнинг асосий фикрлари нашрга турли идоралардаги манбалар томонидан тасдиқланган.
«Қаттиқ санкциялар» шароитида молиячилар ялпи ички маҳсулотнинг 10 фоизга ёки ундан кўпроқ пасайишини, ишсизликнинг 4 фоиздан 12 фоизгача ўсишини, асосий ставканинг 20–30 фоизгача кўтарилишини, доллар ва евронинг 150–200 рублга ошишини башорат қилган. Улар, шунингдек, технологик эмбарго туфайли мамлакат ривожланишининг кечикиши ва банкларни 5–6 триллион рублга қўшимча капиталлаштириш зарурати ҳақида огоҳлантирган.
«Бу рақам чет элда блокланган активларнинг рубль курсининг пасайишига мослаштирилган тахминидир», — деди суҳбатдошлардан бири.
Frank Media’нинг барча манбалари ҳатто энг оғир сценарийда ҳам Марказий банкка қарши санкцияларни кўриб чиқмаганлигини таъкидлади.
«Ҳарбий операция» бошланганидан сўнг АҚШ, Европа Иттифоқи ва Япония Россия Марказий банки билан барча операцияларни блоклаб, уни валюта ва олтинда жойлаштирилган халқаро захиралардан фойдаланиш имкониятидан маҳрум қилди. Ушбу чора регуляторни рублни қўллаб-қувватлаш учун зарур бўлган валюта интервенцияларидан воз кечишга мажбур қилди.
Аввалроқ Европа Иттифоқи Россиянинг еттита банкини SWIFT тизимидан узиб қўйгани хабар қилинганди. Шунингдек, Канада биринчи бўлиб Россия нефтидан воз кечгани ҳақида хабар берилди.






