«Россия газининг ўрнини босиш имкони ҳозирча йўқ» — Қатар энергетика вазири
Ал-Каабининг тахминича, Россиянинг газ учун тўловни рублда талаб қилиши узоқ муддатли шартномаларга таъсир қилмайди.
Қатар энергетика вазири Саад бин Шарид ал-Каабининг айтишича, Россия газининг ўрнини босиш ҳозирча «деярли имконсиз». Бу ҳақда у CNN телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.
Вазирнинг фикрича, Қатарнинг ҳозирги газ қуввати Европа талабини қондира олмайди.
«Бизнес нуқтаи назаридан, биз томонларни танламаймиз, биз тадбиркорлар сифатида ишлаймиз ва ўз ишимизни қиламиз», — деди ал-Кааби.
Энергетика вазири Европа ҳар доим Қатар учун муҳим бозор бўлиб келганини таъкидлади. Ал-Каабининг сўзларига кўра, Қатар келажакда Европани газ билан таъминлайди, бироқ ҳозир кўҳна қитъа учун Россия газига муқобил йўқ.
«Айни дамда зудлик билан ёрдам бера олмаймиз деб ўйлайман. Энергия таъминотида Россиянинг ўрнини ҳеч ким эгаллай олмайди», — деди у.
Шунингдек, энергетика вазири Россиянинг газ учун тўловни рублда талаб қилиши ҳарбий вазиятга муносабат эканини ва узоқ муддатли шартномаларга таъсир қилмаслигини тахмин қилди.
Россия Президенти Владимир Путин 23 март куни «Газпром»га шартномаларни «нодўст давлатлар» учун рублда амалга ошириш бўйича кўрсатма берди ва бу қарорни Россиянинг хориждаги активлари музлатилиши билан изоҳлади. Президентнинг сўзларига кўра, Россия товарларини Европа Иттифоқи ва АҚШга етказиб бериш ҳамда тўловни доллар ва еврода олиш мантиққа тўғри келмайди.
Аввалроқ Германия Россия энергиясига дарҳол эмбарго қўя олмаслиги хабар қилинганди. Шунингдек, Путиннинг баёнотидан сўнг Европада газ нархи кескин кўтарилгани ҳақида хабар берилди.