Royal Brunei Airlines Ўзбекистонга парвозларни йўлга қўйишни режалаштирмоқда
Брунейнинг Royal Brunei Airlines Ўзбекистонга парвозларини амалга ошириш имконияти ҳақида маълумот берди. Шу билан бирга, компания томонидан мунтазам ва чартер ҳаво қатновларининг иқтисодий самарадорлигини ўрганиш зарурлиги қайд этилган

Ўзбекистон дипломатлари Брунейнинг Royal Brunei Airlines авиакомпанияси вице-президенти Илёс Рори Тео билан видеоконференция воситасида учрашув ўтказди. Бу ҳақда «Дунё» АА хабар берди.
Музокаралар чоғида Бруней томони Ўзбекистон аэропортларида хорижий авиакомпаниялар учун бошқа давлатлардан йўловчи ва юк ташиш қатновларини ташкил этиш бўйича тақдим этилган имтиёз ва преференциялар, жумладан, Самарқанд халқаро аэропортида жорий этилган «Очиқ осмон» режими, шунингдек, республиканинг туризм салоҳияти билан атрофлича таништирилди.
Royal Brunei Airlines авиакомпанияси билан Ўзбекистонга чартер ва мунтазам ҳаво қатновларини биргаликда амалга ошириш, шу жумладан, «Зиёрат туризми» дастури доирасида ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари, шунингдек, республика аэропортларидан транзит хизмати мақсадларидан фойдаланиш имкониятлари кўриб чиқилди.
Иляс Рори Тео мамлакатимизда сайёҳлик объектлари ва аэропортларни модернизация қилиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирларни юқори баҳолар экан, Royal Brunei Airlines авиакомпанияси ўзбекистонлик ҳамкорлар билан ўзаро алоқаларни йўлга қўйишдан манфаатдор эканлигини маълум қилди. Суҳбатдош Royal Brunei Airlines авиакомпаниясининг Ўзбекистонга парвозларини амалга ошириш имконияти ҳақида маълумот берди. Шу билан бирга, компания томонидан мунтазам ва чартер ҳаво қатновларининг иқтисодий самарадорлигини ўрганиш зарурлиги қайд этилди.
Учрашув якунлари бўйича 2023 йил январь ойи бошида Транспорт вазирлиги, «Ўзбекистон аэропортлари» АЖ раҳбарияти ва Royal Brunei Airlines авиакомпанияси ўртасида ҳамкорлик истиқболларини батафсил муҳокама қилиш учун онлайн учрашув ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.
1974 йилда ташкил этилган «Royal Brunei Airlines» Брунейнинг давлатга қарашли миллий авиакомпанияси ҳисобланади. Бугунги кунда компания Жануби-Шарқий Осиё, Яқин Шарқ, Европа, Австралия ва Океаниянинг 20 йўналиши бўйлаб мунтазам парвозларни амалга оширмоқда.






