Самарқанд халқаро технология университети ўзининг янги кампус макетини тақдим этди
Февраль ойидан илк талабаларини қабул қилган Самарқанд халқаро технология университети сентябрь ойида ўзининг янги кампус биносига эга бўлади

Февраль ойидан илк талабаларини қабул қилган Самарқанд халқаро технология университети сентябрь ойида ўзининг янги кампус биносига эга бўлади.
Замонавий услубда қурилаётган кампусда университетнинг ўсиб бораётган имкониятлари тўлиқ инобатга олинган. Ваҳоланки, ҳозирда бу ерда «Тадбиркорлик ва менежмент» ва «Ахборот технологиялари» бакалавриат таълим йўналишлари билан бир қаторда «Корея технология ва маданияти коллежи» ҳам ўз фаолиятини бошлади.
Кампус биносининг қуриб битказилиши натижасида университет «Энергетика», «Тоғ-кон саноати», «Нефть ва газ муҳандислиги», «Яшил технологиялар», «Рақамли иқтисодиёт ва электрон тижорат», «Саноат ва фуқаролик дизайни» ва бакалавриатнинг бошқа йўналишларига ҳам талабалар қабул қила бошлайди.
Замонавий университет тузилмаси ҳам фундаментал билимларга, ҳам тадбиркорликка бўлган эҳтиёжларга мослашувчанликка асосланган. Ўзбекистон Президентининг 2022 йил 28 январдаги «2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида»ги фармонига асосан Самарқанд халқаро технология университетининг ташкил этилишига ҳам айнан таълим ва ишлаб чиқаришнинг амалдаги уйғунлиги асос бўла олди.
Мазкур университетнинг ташкил этилиши давлат раҳбари томонидан 2026 йилгача Ўзбекистонда нодавлат олий таълим муассасалари сонини камида 50 тага етказиш бўйича белгиланган мақсаднинг бир қисми ҳисобланади.
Кампуснинг қуриб битказилиши қисқа муддатларда, аниқроғи жорий йилнинг сентябрь ойига қадар якунланади. Унда замонавий, жаҳон талаблари даражасидаги кутубхона шунингдек, Тиллар маркази (Language Center), Ахборот технология маркази (IT Center), WIH Center (Самарқанд-Cалифорниа), шунингдек, абитуриентлар тайёрлаш мақсадида ташкил этилган Тайёрлов мактаби ва Ўзбек тили маданияти маркази каби бир қатор марказларни ташкил этиш учун тегишли аудиториялар ажратилади.
Кампусда талабалар ва профессор-ўқитувчилар учун замонавий ётоқхона биноси ҳамда уларнинг фаол ҳордиқ чиқариши мақсадида спорт иншоатларини яратиш ҳам кўзда тутилган.
Халқаро стандартлар ва методикалар асосида пухта ишланган таълим стратегияси замонавий муҳандис кадрларни тайёрлаш имконини беради. Шунингдек, кампусда яратилаётган шароитлар СХТУни Ўзбекистондаги нуфузли инновацион-технология университетлардан бирига айланишига замин яратади.
Таъкидланишича, ERIELL гуруҳи бошқаруви ҳамда Университет Васийлик кенгашининг раиси Бахтиёр Фозилов университетнинг илк студентлари бўлиш бахтига муяссар бўлганлар орасидан икки нафар энг юқори балл тўплаган ҳамда бир нафар кам таъминланган талабага махсус грант ажратган.






