Самарқанддаги форумда Жамшид Қўчқоров берилган саволга жавоб беришга қийналди
Шунингдек, иқтисодиёт вазири журналистдан қаерда туғилгани, қайси университетни тамомлагани каби осонроқ саволлар беришни сўраган

Самарқандда бўлиб ўтган форумда иқтисодиёт вазири Жамшид Қўчқоров берилган саволга жавоб беришга қийналди.
Форум доирасида бош вазир ўринбосарига «Ўзбекистонда келгуси беш йилликда нималар рўй бериши мумкинлиги ҳақида инвесторга нима дея оласиз? Айнан ҳозир Ўзбекистонга инвестиция киритиш вақти эканига қандай кафолатлар бера оласиз?» деган саволлар йўлланган.
«Биринчидан, Ўзбекистонда бу вақтгача барча эски электр станцияларини алмаштирамиз, иккинчидан, фақат битта давлат банки бўлади. Кейинги сафар сизни форумга таклиф қилмаймиз», — дея жавоб қайтарган Жамшид Қўчқоров.
Шунингдек, вазир журналистдан қаерда туғилгани, қайси университетни тамомлагани каби осонроқ саволлар беришни сўраган.
«Саволимни эслатай: кейинги йилларда нимага кафолат бера оласиз?» — дея саволни қайтарди журналист.
Бош вазир ўринбосари Ўзбекистонни ривожлантириш стратегиясида кўп нарсаларга эътибор берилгани, бунда ҳар бир стратегик йўналишда аниқ мақсад борлигини қўшимча қилди.
«Биринчи навбатда, ЯИМ 100 миллиард долларга ошишига умид қиламиз. Камбағаллар сони 2 баробарга қисқаради. Аҳоли жон бошига ЯИМ 2800 долларни ташкил қилади. Ҳамма одамлар бу маълумот нимани англатишини тушунишади. 100 миллиард шунчаки чиройли рақам эмас. Халқимиз тинмай меҳнат қилади. Бу юртда ҳар бир инсон жуда қаттиқ меҳнат қилишини ҳамма билади. Биз ушбу стратегияни танлаб, шу йўналишда ҳаракат қиламиз. Айтишим мумкинки, бу ҳамкорликдаги ривожланиш стратегияси ва биз бу йўналишда ҳаракат қиламиз», — дея сўзини якунлади Жамшид Қўчқоров.






