Samsung глобал яримўтказгич инқирозидан рекорд даражада фойда кўрди
Компаниянинг 2021 йил сўнги чорагидаги даромади рекорд даражада бўлди.

Samsung компанияси глобал яримўтказгич инқирозидан рекорд даражада фойда кўрди. Бу ҳақда The Wall Street Journal хабар берди.
Маълум қилинишича, Жанубий Кореянинг электроника ишлаб чиқарувчиси Samsung Electronics 2021 йилнинг тўртинчи чорагида рекорд даражадаги даромад — 63,97 миллион доллар ишлаган.
Таъкидланишича, яримўтказгич саноати пандемия туфайли келиб чиққан таъминот инқирозидан фойдаланган, бу Samsung ва Intel каби чип ишлаб чиқарувчилар учун катта молиявий имкониятларни тақдим этган.
Жанубий Корея технологик компанияси натижалари таҳлилчилар прогнозларидан юқори бўлган. Тўртинчи чоракда соф даромад 64 фоизга ўсиб, 10,84 триллион вонни (тахминан 9 миллиард доллар) ташкил этган. 2020 йил ушбу кўрсаткич 6,6 триллион вон бўлган.
Шунингдек, 2020 йилги 61,6 триллион вонга нисбатан даромад 76,57 триллион вонни (63,97 миллион доллар) ташкил этган. Бу компания учун мутлақ рекорддир.
Компаниянинг 2021 йил октябрь-декабрь ойларидаги операцион фойдаси 2020 йилнинг шу даврига нисбатан 53 фоизга ўсиб, 13,9 триллион вонни (11,6 миллиард доллар) ташкил этган. Натижа 2017 йилдан бери энг юқори кўрсаткич бўлган.
Бундан ташқари, 2021 йил давомида даромад 18 фоизга ўсиб, 279,6 триллион вонни (233,4 миллиард доллар) ташкил этган, бу ҳам компаниянинг бутун тарихидаги рекорддир.
Қайд этилишича, Samsung’нинг муваффақияти яримўтказгич саноати яхши чиплар ишлаб чиқариш ва қувватни кенгайтириш учун харажатларни кўпайтиришни бошлагани билан боғлиқ. Шахсий компьютерлар ва серверлар учун микропроцессор чиплари ишлаб чиқаришга ихтисослашган Intel сўнгги ўттиз йил ичида соҳада етакчи бўлиб келган, бироқ 2017 ва 2018 йилларда ўз ўрнини Samsung’га бўшатиб берган.
Samsung чиплари рақамли дунёда Intel микропроцессорларига қараганда кўпроқ учрайди — компания Sony ва Apple каби гигантлар учун бутловчи қисмлар ишлаб чиқаради. Айнан яримўтказгичлар сегменти компанияга яхши ҳисобот кўрсатиш имконини берган: 2021 йилда яримўтказгичларни сотишдан тушган даромад 2020 йилнинг шу даврига нисбатан 29 фоизга ўсиб, 94,16 триллион вонни ёки 78,4 миллиард долларни ташкил этган.
Аввалроқ Samsung февралда «энг мукаммал Galaxy»ни тақдим этиши хабар қилинганди.






