Сардор Умурзоқов ЕТТБ делегацияси билан молия сектори ва капитал бозори бўйича ҳамкорликни муҳокама қилди
Банк билан хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш бўйича ҳамкорлик қилишга келишилган

Ўзбекистон билан ЕТТБ ўртасидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш масалалари муҳокама қилинди. Бу ҳақда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари — инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) делегациясини қабул қилган. Учрашувда, шунингдек, ЕТТБнинг молия институтлари бўйича бошқарувчи директори Френсис Малиж, Марказий Осиё, Мўғулистон ва Россиядаги молия институтлари гуруҳи директори Георгий Орлов, ЕТТБнинг гендер масалалари ва иқтисодий интеграция бўйича директори Барбара Рамбусек ҳамда Банкнинг бошқа вакиллари ва экспертлари ҳам иштирок этган.

Қайд этилишича, учрашув чоғида икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги ҳолати, Ўзбекистонда ЕТТБ томонидан молиялаштириладиган лойиҳаларнинг амалга оширилиши ҳамда муносабатларни кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинган. Яқин келажакда иқтисодий ислоҳотлар ва таркибий ўзгаришлар соҳасида давлат корхоналари ва банкларни хусусийлаштириш, шунингдек, молия сектори ва капитал бозорини ривожлантиришга қаратилган ҳамкорлик масалалари кўтарилган.
Шу билан бирга, Ўзбекистон томони ЕТТБ томонидан банк сектори, тоғ-кон, кимё саноати ва экспорт салоҳиятини юксалтириш соҳаларида кўрсатилаётган маслаҳат ёрдами учун миннатдорчилик билдирган. Хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш, кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш йўналишидаги ҳамкорлик ишларини фаоллаштиришга келишилган.
Учрашув якунида иккала томон ҳам манфаатдор бўлган муҳим масалалар устида иш олиб борилган ҳамда муносабатларнинг кўриб чиқилган йўналишлари доирасида келгусидаги амалий ҳамкорлик тадбирлари белгиланган.
Аввалроқ Бизнес-омбудсман БМТ ва ЕТТБ билан коррупцияга қарши ҳамкорлик қилиши ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Европа инвестицион банки Қорақалпоғистонга 35 миллион евро ажратиши мумкинлиги хабар қилинди.






