Сардор Умурзоқов туркиялик инвесторларни қабул қилди
Хорижлик тадбиркорлар аниқ лойиҳавий таклифларни тақдим қилди.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида бош вазирининг ўринбосари — инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқовнинг Туркиянинг Outdoor Factory компанияси раҳбарияти билан учрашуви бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистоннинг туризм соҳасида ҳамкорликни йўлга қўйиш имкониятлари муҳокама қилинди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, учрашув давомида туризм соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинган, жумладан, Туркия инвесторлари томонидан аниқ лойиҳавий таклифлар тақдим этилган. Билдирилган ғоя ва ташаббуслар ҳар томонлама ўрганилган, қўшимча таклифлар берилган ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик механизмлари юзасидан келишиб олинган.

Ўзбекистон томони туркиялик тадбиркорларининг мамлакатда ўз фаолиятини йўлга қўйишга интилаётганини олқишлаб, лойиҳаларни амалга оширишда амалий кўмак беришга тайёрлигини билдирган.
Учрашув якунида кўриб чиқилган лойиҳаларни маромига етказиш ва уларни ҳаётга татбиқ этиш босқичига ўтиш мақсадида ҳамкорликни давом эттириш юзасидан келишувга эришилган.
Аввалроқ инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов Ҳиндистон Республикасининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Маниш Прабҳат билан учрашгани ҳамда икки ўртада Ҳиндистон «Эксимбанк»и Ўзбекистонга 448 миллион доллар миқдорида маблағлар ажратишига келишилгани ҳақида хабар берилганди.






