Саудия Арабистони ва Хитой ўртасида 50 млрд долларлик шартнома имзоланди
Хитой томонидан импорт қилинаётган нефтнинг 17 фоизи Саудия Арабистони ҳисобига тўғри келади

Саудия Арабистони ва Хитой ҳукуматлари Ар-Риёдда ўтказилган саммитда 50 миллиард долларлик инвестиция битимини имзолади. Бу ҳақда Саудия инвестиция вазири Холид ал-Фалиҳга таяниб, Bloomberg хабар берди.
Инвестициявий келишув шартлари ошкор этилмаган. Бироқ Ал-Фалиҳнинг таъкидлашича, инвестициялар ҳам хусусий, ҳам давлат секторларига тааллуқли. Шу билан бирга, у мазкур рақамлар саммитда иштирок этган бошқа араб давлатларига ҳам тегишли ёки тегишли эмаслигига аниқлик киритмаган.
8 декабрь куни Хитой раиси Си Цзиньпин сўнгги олти йил ичида илк бор Саудия Арабистонига ташриф буюрди. 2021 йилда Хитой ва Саудия Арабистони ўртасидаги товар айланмаси 309 миллиард саудия риёлини (82,1 миллиард доллар) ташкил этган.
Бундан ташқари, 2021 йилда Хитой томонидан импорт қилинаётган нефтнинг 17 фоизи подшоҳлик ҳисобига тўғри келган. Саудия Арабистони Хитой иқтисодиётига энг кўп инвестиция киритганлар қаторида 12-ўринни эгаллаган.






