Савдо-саноат палатаси ҳукумат бўйсунувидан тўлиқ чиқарилади
Президент Савдо-саноат палатаси ҳукумат бўйсунувидан тўлиқ чиқарилишини маълум қилди. Шунингдек, палата ҳар бир туман ва шаҳарда бизнесга ўқитиш мактабларини ташкил қилади.
Савдо-саноат палатаси ҳукумат бўйсунувидан тўлиқ чиқарилади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев Тошкентдаги Халқаро конгресс марказида бўлиб ўтаётган тадбиркорлар билан очиқ мулоқотда маълум қилди.
Таъкидланишича, Президент Савдо-саноат палатаси ва унинг худудий бўлинмаларининг фаолияти тубдан ўзгаришини айтган.
Бундан буён, улар:
- туман, шаҳар тадбиркорларини бирлаштириб, уларни қийнаётган муаммо ва масалаларни аниқлаш билан амалда шуғулланади;
- ҳар бир туман ва шаҳарда илғор методикалар асосида бизнесга ўқитиш мактабларини ташкил қилади;
- ҳоким ва бошқа ҳудудий раҳбарларга кўриб чиқиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритиш ваколатига эга бўлади;
- маҳаллий Кенгаш ва ҳокимлар билан ҳар ой камида икки марта танқидий муҳокамаларни ўтказади.
Шунингдек, Савдо-саноат палатасининг ўзига ҳам ҳукуматга кўриб чиқиши мажбурий бўлган масала киритиш, тадбиркор манфаатини кўзлаб Олий судга ариза бериш ҳамда иқтисодий, маъмурий ва жиноят ишлари бўйича суд қарорларини қайта кўриб чиқиш юзасидан шикоят киритиш ваколатлари берилади.
Аввалроқ Шавкат Мирзиёев корхоналарни микро, кичик ва ўрта бизнес тоифаларига ажратиш ташаббусини билдирганди.
Микро бизнес эгалари ихтиёрий равишда йилига 20-30 миллион сўм тўласа, бухгалтерия ҳисобини юритиш ва солиқ идораларига тақдим этиш мажбуриятидан озод қилинади.
Шунингдек, давлат раҳбари айланмаси 1 миллиард сўмдан ошган корхоналар фойда солиғини 2 баравар кам тўлашини маълум қилди.
Учрашувда Ўзбекистонда 2023 йил 1 январдан қўшилган қиймат солиғи ставкаси 12 фоизга туширилиши маълум қилинди.