Шаҳрисабз 2024 йилда Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг туризм пойтахти деб эълон қилинди
Тадбирда ИҲТга аъзо давлатлар туризм соҳаси раҳбарлари томонидан Шаҳрисабз шаҳри 2024 йил Иқтисодий Ҳамкорлик Ташкилоти туризм пойтахти этиб тасдиқланди. Шаҳрисабз 2000 йиллик тарихга эга бўлиб, UNESCO’нинг Бутунжаҳон мероси репрезентатив рўйхатига киритилган

Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз шаҳри 2024 йил Иқтисодий Ҳамкорлик Ташкилоти туризм пойтахти дея эълон қилинди. Бу ҳақда Туризм ва маданий мерос вазирлиги ахборот хизмати Ўзбекистон раислигида онлайн форматда ўтган ИҲТ Туризм вазирларининг IV йиғилиши якунига кўра маълум қилди.
Тадбирда ИҲТга аъзо давлатлар туризм соҳаси раҳбарлари томонидан Шаҳрисабз шаҳри 2024 йил Иқтисодий Ҳамкорлик Ташкилоти туризм пойтахти этиб тасдиқланди.
«Мазкур қарорнинг қабул қилинишида Шаҳрисабз шаҳрининг бой тарихи ва маданий мероси, Ипак йўлида туризмнинг ривожланишидаги ўрни ва соҳани барқарор ривожлантириш салоҳияти инобатга олинди. Ўз навбатида, Шаҳрисабзнинг ушбу мақомни олишини кенг миқёсда нишонлаш кўзда тутилган. Қолаверса, шаҳарда ва бутун Қашқадарё вилоятида туризм инфратузилмасини яхшилаш, экотуризм, этнотуризм ва бошқа йўналишларда салоҳиятни юксалтириш, ҳудуднинг номоддий меросини кенг очиб берувчи маданий тадбирлар, туризм тадбиркорлиги, шу жумладан, ёшларнинг фаоллигини ошириш бўйича алоҳида дастур амалга оширилиши кўзда тутилган», — дейилади хабарда.
Маълумот учун, Шаҳрисабз 2000 йиллик тарихга эга бўлиб, UNESCO’нинг Бутунжаҳон мероси репрезентатив рўйхатига киритилган.






