Шавкат Мирзиёев имтиёзлар самарадорлиги таҳлили бўйича йиғилиш ўтказди
Йиғилиш давомида солиқ ва божхона имтиёзларини хатловдан ўтказиб, самарасизларини бекор қилиш, хорижий ва маҳаллий инвесторлар учун берилган имтиёзларни бир хиллаштириш зарурлиги таъкидланди.

Шавкат Мирзиёев имтиёзлар самарадорлиги таҳлили бўйича йиғилиш ўтказди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, 2021 йилда Ўзбекистонда 51 триллион сўмлик имтиёзлар жорий этилган. Натижада 170 мингта янги тадбиркорлик субъекти очилиб, 500 мингдан зиёд иш ўрни яратилган. Охирги олти йилда биргина солиқ соҳасида 1,4 мингга яқин имтиёзлар тақдим этилган.
Жойларда имтиёзлардан самарасиз ёки мақсадсиз фойдаланиш ҳолатлари ҳам учраб турибди. Давлат бюджетидан 127 турдаги субсидиялар жорий этилган бўлса-да, амалда уларнинг 15 тасидан фойдаланилмаяпти.
Шундан келиб чиқиб, Бош вазир ўринбосари ва молия вазирига барча имтиёз ва субсидияларнинг натижадорлиги кўрсаткичларини белгилаб, улардан самарали фойдаланиш бўйича қатъий назорат тизимини жорий этиш топширилди.
Бундан ташқари, ҳисоб палатасида мониторинг бўлими ташкил этилиб, имтиёзлар самарадорлигини доимий таҳлил қилиб бориш вазифаси қўйилди.
Маълумот учун, Энг кўп имтиёз ҚҚС бўйича қўлланган: ДСҚ солиқ имтиёзлари бўйича навбатдаги маълумотларни очиқлаган.




