Шерзод Қудбиев «обнал» ҳажми бўйича Фарғона иккинчи ўриндалигини айтди
Солиқ тўловчиларнинг 95 фоизи мажбуриятларини ўз вақтида ихтиёрий бажармоқда

Ўзбекистон Давлат солиқ қўмитаси раиси Шерзод Кудбиев Фарғона шаҳрида «Солиқ маъмурчилигининг самарасини ошириш орқали тадбиркорларга тенг рақобат шароитларини яратиш» мавзусида матбуот анжумани ўтказди. Бу ҳақда Миллий ахборот агентлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, тадбиркорликни ривожлантириш борасида бошланган ислоҳотлар натижасида Фарғона вилоятида ҚҚС тўловчилари сони 2016 йилга нисбатан 13 бараварга ўсган ёки 12 минг 100 тани ташкил этмоқда. Худди шундай фойда солиғи тўловчилари сони ҳам 13 бараварга ўсган. Ўзини-ўзи банд қилган шахслар 125 минг нафардан ошган.
«Афсуски, ‘обнал’нинг ҳажми, сони нуқтаи назаридан Фарғона иккинчи ўринда турибди. Эндиликда бу каби салбий ҳолатларга бутунлай чек қўйилади. Солиқ тизимида замонавий ахборот технологиялари ва коммуникацияларини жорий этиш орқали инсон омилисиз бу ишларга эришилади», — дея таъкидлаган Шерзод Қудбиев.
Қайд этилишича, солиқ маъмурчилиги бўйича мукаммал тизим яратиш ҳамда «хуфиёна иқтисодиёт»га қарши курашиш долзарб вазифа саналади. Бунинг энг тўғри ва ягона ечими — солиқ маъмурчилигининг барча йўналишларига автоматлаштирилган ахборот тизимларини жорий этишдир.
Давлат солиқ хизмати органлари тизимида бу борада салмоқли қадамлар ташланмоқда. Жумладан, қўмита маълумотларни қайта ишлаш марказининг қуввати ўтган йилга нисбатан 8, ахборотни қайта ишлаш тезлиги эса 29 бараварга ошган. Рақамлаштириш натижаларига кўра, солиқ тўловчиларнинг 95 фоизи мажбуриятларини ўз вақтида ихтиёрий бажармоқда.
Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 22 сентябрда қабул қилинган «Солиқ тўловчиларни ҳисобга олишни янада такомиллаштириш ва қўшилган қиймат солиғининг ўрнини қоплаш тартибини соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори солиқ маъмурчилигида муҳим аҳамият касб этади. Анжуманда ундаги асосий янгиликлар, хусусан, қўшилган қиймат солиғи тўловчилари қўшилган қиймат солиғи бўйича махсус рўйхатдан ўтказиш, «E-aktiv» автоматлаштирилган ахборот тизими ҳақида батафсил маълумот берилган.
Аввалроқ Ўзбекистонда йирик солиқ тўловчиларнинг бюджет тушумларидаги улуши прогноз қилингани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Қашқадарёда «Обнал иши» бўйича бўлиб ўтган судда тадбиркор ютиб чиққани хабар қилинди






