Шерзод Шерматов IMEI кодларини рўйхатдан ўтказиш осонлаштирилиши кераклигини айтди
Вазир «Ўзбекистон телекоммуникация тармоқларини бошқариш Республика маркази»ни кўздан кечириш жараёнида ҳолат ҳақида гапирди

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шерзод Шерматов IMEI кодларини рўйхатдан ўтказиш жараёнини истеъмолчилар учун янада осонлаштириш йўлларини топиш кераклигини айтди. Вазир бу ҳақда «Ўзбекистон телекоммуникация тармоқларини бошқариш Республика маркази»ни кўздан кечириш жараёнида сўз очди.
Маълум қилинишича, вазир дастлаб марказ фаолияти ва ходимлар учун яратилган шарт-шароитлар билан танишган. Марказ мутахассислари томонидан амалга оширилган ишлар, шунингдек, яқин келажакда ишга тушурилиши режалаштирилган лойиҳалар бўйича тақдимот намойиш этилган. Уларнинг ҳар бири бўйича алоҳида муҳокама ўтказилиб, мавжуд муаммолар ечими кўриб чиқилган.

Қайд этилишича, яқин келажакда амалга оширилаётган лойиҳалар қаторида мобил телефон рақамларини кўчириш тизими лойиҳаси ҳам бор.
«IMEI кодларини рўйхатдан ўтказиш жараёнини истеъмолчилар учун янада осонлаштириш йўлларини топишимиз ва унга кўра, фуқаролар хизматлардан осон ва қулай фойдаланиш имкониятига эга бўлиши керак. Бунинг учун барча чораларни кўриш зарур», — деди АТКР вазири.
Шунингдек, тақдимотда соҳа раҳбарлари ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдириб, бу борадаги мавжуд муаммоларни биргаликда ўрганиш ва ҳал этиш учун зарурлигини ҳам таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда Telegram мессенжери ҳамда YouTube, Instagram, Facebook ва Odnoklassniki тармоқларининг фаолияти чеклаб қўйилганидан сўнг бош вазир маслаҳатчиси — IT-технологиялар, телекоммуникациялар ва инновацион фаолиятни ривожлантириш масалалари департаменти бошлиғи Олимжон Умаров ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шуҳрат Содиқов эгаллаб турган лавозимларидан озод этилганди.
Шундан сўнг халқ таълими вазири бўлиб ишлаб келаётган Шерзод Шерматов Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири этиб тайинланганди.






