Snap ва Meta раҳбарлари келажак ижтимоий тармоқлари TikTok каби бўлишини айтди
Фойдаланувчилар тасодифий муаллифлар жойлаштирган қисқа видеоларга кўпроқ вақт сарфламоқда.

Snap ва Meta раҳбарлари келажак ижтимоий тармоқлари TikTok каби бўлишини айтди. Бу ҳақда The Verge хабар берди.
Маълум қилинишича, Snap бош директори Эван Шпигель ўз платформасида Stories форматини сиқиб чиқара бошлаган Spotlight қисқа видеоларининг тобора оммалашиб бораётгани ҳақида гапирган. Компания ковид чекловлари енгиллашгани сари одамлар дўстларининг ҳикояларини кўришга қайтади, деб умид қилган. Бироқ улар тасодифий муаллифлар томонидан жойлаштирилган қисқа видеоларга кўпроқ вақт сарфламоқда.
«Бу пандемия давомида кузатилган тенденциянинг давоми. Ҳар бир кунги фаол фойдаланувчига тушадиган дўстларнинг ҳикояларини жойлаштириш ва кўриш пандемиядан олдинги даражага қайтмади», — деган Шпигель. Шунингдек, у Snap иловани янгилаш устида ишлашда давом этишини қўшимча қилган.
Snap ҳали контент бўлими қандай кўринишини ошкор қилмаган бўлса-да, у TikTok’га ўхшаб кетади. Шпигелнинг таъкидлашича, баъзи Spotlight видео яратувчилари аллақачон иловада ўз шоуларига эга. Бу томошабинлар янги контент ишлаб чиқарувчилар, мавзулар ва ҳамжамиятларни кашф қилиши ва кейин Discover бўлимида улар билан яқинроқ алоқада бўлишлари мумкин бўлган платформа сифатида Spotlight қарашларини қўллаб-қувватлайди.
Бундан ташқари, Марк Цукерберг ҳам TikTok’ни асосий таҳдид деб атаган.
«Одамлар вақтни қандай сарфлаш бўйича жуда кўп танловга эга. TikTok каби иловалар эса жуда тез ўсиб бормоқда», — деган у Meta компаниясининг тўртинчи чоракдаги даромадлари бўйича берган ҳисоботда.
Аввалроқ Meta акциялари 23 фоизга «қулагани» ва Pinterest, Snap ва Twitter’да ҳам пасайиш кузатилгани хабар қилинганди. Шунингдек, Meta ва Snap 11 ёшли қизнинг суиқасдида айблангани ҳақида хабар берилди.






