Ўзбекистонда 2022 йилнинг 10 ойида 123,8 трлн сўм солиқ тушумлари таъминланган
Давлат солиқ қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Мубин Мирзаев 2022 йилнинг 10 ойида 123,8 триллион сўм солиқ тушумлари таъминланганини таъкидлади. 2021 йилга нисбатан ўсиш 118 %ни ташкил этган

11 ноябрь куни Давлат солиқ қўмитаси раҳбарияти ва Рон Ван Роден бошчилигидаги Халқаро валюта жамғармаси делегацияси ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда Давлат солиқ қўмитаси хабар берди.
Қайд этилишича, муҳокама чоғида Давлат солиқ қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Мубин Мирзаев 2022 йилнинг 10 ойида 123,8 триллион сўм солиқ тушумлари таъминланганини таъкидлади. Ўтган йилга нисбатан ўсиш 118 %ни ташкил этди.
Қайд этилишича, ҚҚС бўйича тушумлар 33%, АОС 40%га ошган. Бундай кўрсаткичларга электрон ҳисобварақ-фактура тизимига тўлиқ ўтиш, солиқ тўловчиларни контрагентлар тўғрисида хабардор қилиш мақсадида «Тах Gap» коэффициенти ҳамда жамоатчилик назорати воситаси – харидлар қийматининг 1 фоизини истеъмолчиларга қайтариш (кешбек) тизими жорий этилиши ҳисобига эришилди.
Иш ўринларини қонунийлаштириш учун шарт-шароит яратиш ва «Э-ижара» кўчмас мулк ижара шартномасини рўйхатга олиш хизмати, шу жумладан жисмоний шахслар учун ҳам ишга туширилиши натижасида жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи тушумларида (ўтган йилга нисбатан 28 % кўп) ҳам ижобий динамика кузатилмоқда. Мазкур тизимда жами 243 минг солиқ тўловчи ижара шартномасини рўйхатдан ўтказган бўлса, уларнинг 162 минг нафари (67%) жисмоний шахслардир. Умуман олганда, «Э-ижара» хизмати солиқ базасини 9,5 трлн сўмга қонунийлаштириш имконини берди.






