Солиқлардан озод қилиш, 2 баравар кўп кредит ва бошқалар — Президент балиқчилик учун бериладиган имтиёзларни санади
Президент бошчилигида йиғилиш бошланди.

Президент Шавкат Мирзиёев балиқчилик учун имтиёзлар берилиши бўйича топшириқ берди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Президент Шавкат Мирзиёев ҳузурида балиқчилик соҳасини ривожлантириш истиқболлари ва кооперация асосида балиқ етиштириш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари юзасидан кенгайтирилган йиғилиш бошланаган.
Йиғилишда Президент 2022 йилда балиқ етиштириш ҳажми 600 минг тоннага етказилиши шарт эканини таъкидлаган. Бунинг учун Шароф Рашидов тумани тажрибаси асосида келгуси йилда 10 мингта хонадонда интенсив балиқ етиштириш йўлга қўйилиши белгиланган.
Шунингдек, хонадонларда кооперация асосида йилига 80 тоннадан ортиқ балиқ етиштирган кластерлар уч йил муддатга барча солиқлардан озод этилади. Бундан ташқари, уйида балиқ етиштирувчилар учун «Ҳар бир оила — тадбиркор» дастури доирасида кредит миқдори 2 бараварга оширилади ва келгуси йилда 400 миллиард сўм йўналтирилади.
Шу билан бирга, балиқ етиштирувчи хонадон эгалари учун ер ва мулк солиқлари 50 фоизга камайтирилиб, улар ўзини ўзи банд қилган аҳоли тоифасига ўтказилади. Шунингдек, хориждан мутахассис олиб келган балиқчилик кластерларига харажатларнинг бир қисми қоплаб берилади.
Аввалроқ Президент 2030 йилгача гидроэнергетикани ривожлантириш бўйича қарор имзолагани ҳақида хабар берилганди.






