Сўнгги 6 ойдаги энг ёмон кўрсаткич: биткоин нархи тушиб кетди
Криптовалютанинг қадрсизланиши кетма-кет учинчи ҳафта давом этмоқда.

Биткоин нархи 2021 йилнинг сентябр ойидан бери биринчи марта 40 минг доллардан тушди. Бу ҳақда РИА Новости хабар берди.
Coindesk маълумотларига кўра, 10 январь соат 17:34 ҳолатига кўра, энг йирик Binance биржасида ушбу криптовалюта 4,47 фоизга қадрсизланиб, 39,8 минг долларга тушган.
Қайд этилишича, биткоин нархи 21 сентябрдан бери 40 минг доллардан пастламаётганди. Қадрсизланиш кетма-кет учинчи ҳафта давом этмоқда. Ҳаммаси бўлиб, бу вақт давомида криптовалюта 20 фоиздан кўпроқни йўқотди. Энг кўп — 13 фоизга пасайиш 2022 йилда қайд этилган.
Нашрнинг ёзишича, АҚШ Федерал захира тизимининг декабрдаги йиғилиши баённомалари биткоин нархига ёмон таъсир қилган. Бунга қадар таҳлилчиларда биткоиннинг қадрсизланишига Қозоғистондаги тартибсизликлар ҳам таъсир қилмоқда, деган қараш бор эди. Чунки ушбу мамлакат майнинг бўйича дунёда 2-ўринда туради.
Аввалроқ биткоин нархи 100 минг долларгача кўтарилиши прогноз қилингани ҳақида хабар берилганди.






