Сотилиши бекор қилинган «Матбуот уйи», автомобилларини «чақириб олаётган» UzAuto Motors ва кадастр соҳасини танқид қилган Мирзиёев — кунлик дайжест
Kommers.uz куннинг энг сара янгиликларини битта дайжестга тўплади.

Яқин соатларда 2021 йилнинг 21 декабрь санаси ҳам поёнига етади. Якунланаётган кун Ўзбекистон ва жаҳон ахборот майдонида қайноқ янгиликларга бой бўлди. Kommers.uz уларнинг энг сараларини битта дайжестга тўплади.
Сотилиши бекор қилинган «Матбуот уйи»
Тошкент шаҳри Миробод туманида жойлашган Матбуот уйи сотувга қўйилганди. Президент матбуот котиби Шерзод Асадовнинг бир гуруҳ босма матбуот нашрлари бош муҳаррирлари билан учрашувидан сўнг бино сотилмайдиган бўлди.
Маълум қилинишича, 21 декабрь куни Президент матбуот котиби Шерзод Асадов бир гуруҳ босма матбуот нашрлари бош муҳаррирлари билан учрашган. Унда босма матбуот — газета ва журналлар фаолиятига оид муаммолар, янги таклифлар муҳокама қилинган.
Шунингдек, Шерзод Асадов «Матбуот уйи» номи билан машҳур бўлган ва ҳозирда сотувга қўйилган бино узил-кесил сотувдан олингани ҳамда бино келгусида оммавий ахборот воситалари, жумладан босма нашрларга қолдирилишини маълум қилган.
Шерзод Асадовнинг сўзларига кўпа, ушбу масала Президент томонидан назоратга олинган ва ушбу бино замонавий талаблар асосида қайта қурилади ҳамда оммавий ахборот воситалари, шунингдек Журналистлар уюшмаси фойдаланиши учун топширилади.
Бундан ташқари ОАВлар, босма нашрлар ҳамда Журналистлар уюшмаси фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўйича махсус қарор лойиҳалари тайёрланаётгани маълум қилинган.
Автомобилларини «чақириб олаётган» UzAuto Motors
UzAuto Motors 2021 йил 5-17 декабрда ишлаб чиқарилган Nexia, Cobalt ва Lacetti автомобилларини «чақириб олади».
Маълум бўлишича, UzAuto Motors ишлаб чиқарилаётган автомобиллар сифати ва мижозлар талабини қондиришни ўзининг асосий устувор вазифаси деб билади. UzAuto Motors бош директори Бо Андерссон бу йил компанияга келганида сифатни кескин оширишни ва ҳар қандай камчиликларга мутлақо муросасиз муносабатда бўлишни эълон қилган.
Сифат талабларидан келиб чиқиб, UzAuto Motors 2021 йил 5-17 декабрда ишлаб чиқарилган Nexia, Cobalt ва Lacetti автомобилларини «чақириб олиш» дастурини эълон қилди. «Чақириб олиш» дастури автомобилларнинг орқа ойна иситиш тизимини текшириш зарурати билан боғлиқ.
«Барча ишлар UzAuto Motors ходимлари томонидан дилерлик марказларининг сервис хизматида ишлаб чиқарувчининг маблағлари ҳисобидан амалга оширилади», дейилади хабарда.
Автомобиллари чақириб олиш дастурига тўгри келган барча автомобиль эгалари дилерлик марказлари ёки компания томонидан огоҳлантирилади.
Кадастр соҳасини танқид қилган Мирзиёев
Шавкат Мирзиёев кадастр соҳасидаги муаммоларни танқид қилди. Президент ер ҳисоби ва давлат кадастрларини тўлиқ шакллантириш, соҳага рақамли технологияларни жорий этиш масалалари юзасидаги кенгайтирилган йиғилишда бир қатор муаммоларни санаб ўтди.
Қайд этилишича, янги ташкил этилган Кадастр агентлиги 2021 йилдан бошлаб Ўзбекистон тарихида илк бор қишлоқ хўжалиги ерларини ялпи хатловдан ўтказиб, электрон рўйхатдан ўтказишни бошлагани ва 23 миллион гектар қишлоқ ерларининг электрон хариталари яратилган. Шундан, бугунги кунга қадар 22 миллион гектари давлат рўйхатидан ўтказилган.
Бундан ташқари, ҳисобга олинмаган 412 мингта кўчмас мулк кадастр базасига киритилган, 478 мингта объектда қўшимча қурилмалар аниқланиб, кадастр баҳоси қайта кўриб чиқилган. Шу билан бирга, хатловда кўплаб муаммолар ҳам аниқланган.
Президентнинг айтишича, электрон ҳисобга олинаётган қишлоқ хўжалиги ерлари қоғоз шаклида юритиб келинган Ер фонди ҳисоботи амалиёт билан фарқ қилмоқда. Жумладан, ҳақиқатда аҳоли яшаш пунктига айланиб кетган 830 минг гектар майдон бошқа ер тоифаларида ҳисобда турибди.
Йиғилишда йўл, электр, газ таъминоти, сув хўжалиги, ободонлаштириш объектлари, кўп қаватли уйларга туташ ҳудудлар кадастрида ҳам кўплаб муаммолар мавжудлиги қайд этилган.
«Бу жуда катта ва муаммоли масала, жаноб ҳоким ва прокурорлар. Бунинг орқасида пора ва коррупция турибди. Юқоридаги натижалар ер кадастри соҳасида бошлаган ишларимизнинг 50 фоизи, холос. Ҳали олдимизда қилинадиган ишлар кўп. Бир нарсани аниқ тушуниб олиш лозим. Биз келгуси йилда 80 минг гектар пахта ва ғалладан бўшаган ерларни аҳолига бўлиб беришни режа қилганмиз. Агар ернинг ҳисоби, аниқ чегараси бўлмаса, бу ишларни амалга ошириб бўлмайди», — деган Президент.
Қаерда бўш ер борлиги тўғрисида ҳам аниқ маълумот йўқлиги, бу билан 30 йил ҳеч ким шуғулланмагани қайд этилган. Оқибатда кадастр ҳужжати бўлмагани боис 2 миллиондан зиёд оилалар уй-жойларини на кредит гарови сифатида қўя олади, на уни сота олади.
Йилнинг «энг ёмон» компанияси деб топилган Meta
Yahoo Finance 2021 йилнинг «энг яхши» ва »энг ёмон» компанияларини аниқлаш учун 1541 фойдаланувчи ўртасида сўровнома ўтказди.
Қайд этилишича, провайдер сўровномадан ташқари бозор кўрсаткичлари ва компанияларнинг йил давомида эришган ютуқларини ҳам таҳлил қилган. Microsoft йилнинг «энг яхшиси» деб топилган, унинг капиталлашуви 2 триллион доллардан ошиб, акциялари 53 фоизга кўтарилган.
Хабарга кўра, сўровномада қатнашган америкаликлар Meta’ни йилнинг «энг ёмон» компанияси деб баҳолаган. Yahoo Finance сўровига кўра, иккинчи ўриндан Alibaba ўрин олган.
Шунингдек, фойдаланувчилар собиқ Facebook’ни ёқтирмасликларининг бир қанча сабабларини келтирган.
Респондентлар Цукербергнинг компаниясини цензурада, ёлғон ахборот тарқатишда (респондентларнинг фикрига кўра, бу одамлар пандемия хавфини жиддий қабул қилмаслигига сабаб бўлган), шунингдек, экстремизмнинг кучайиши ва «дунё бўйлаб демократияга путур етказаётганликда» айблаган.
Бундан ташқари, кўпгина респондентлар компаниянинг болалар ва ўсмирларга салбий таъсирини қайд этган. Ўз навбатида, Meta вакиллари сўровнома натижаларига ҳеч қандай реакция билдирмаган.
Сўровномада қатнашганларнинг 30 фоизга яқини компания «айбини ювиши» мумкинлигини айтди. Бунинг учун у хатоларини тан олиши, кечирим сўраши ва фойданинг катта қисмини хайрия ишларига сарфлаши керак, деган фикрлар илгари сурилган.
Ўзбекистонда давлат қарзининг ошмаслиги бўйича чеклов
Ўзбекистонда давлат қарзи суммасининг ЯИМнинг 60 фоизидан ошмаслигини белгиловчи қонун лойиҳаси депутатлар томонидан муҳокама қилинди.
Маълум қилинишича, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида «Давлат қарзи тўғрисида»ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилган.
Қонун лойиҳаси билан давлат қарзи суммасининг ЯИМга нисбатан энг юқори миқдори 60 фоиздан ошмаслиги, давлат қарзи ҳисобидан фақат ижтимоий ва инфратузилма лойиҳаларини молиялаштириш мумкинлиги назарда тутилмоқда.
Шунингдек, Ўзбекистон Президенти, Олий Мажлис палаталари, Ҳисоб палатаси, Вазирлар Маҳкамаси, Марказий банк ва Молия вазирлигининг давлат қарзини бошқариш соҳасидаги ваколатлари белгиланмоқда.
Хусусан, давлат қарзини бошқаришда парламент ролини ошириш мақсадида Олий Мажлис палаталарига давлат қарзининг чекланган ҳажмини белгилаш, давлат қарзини бошқариш стратегияси ижросини кўриб чиқиш ҳамда жалб қилинган маблағларнинг мақсадли ишлатилиши тўғрисидаги ҳисоботларни эшитиш ваколатлари берилмоқда.
Қайд этилишича, қонун лойиҳаси билан давлат қарзини бошқариш тизимининг яхлитлигини таъминлаш мақсадида Молия вазирлиги давлат қарзини бошқариш, шу жумладан давлат қарзини жалб қилиш бўйича ваколатли орган этиб белгиланмоқда. Вазирлар Маҳкамаси томонидан 3 йил муддатга давлат қарзини бошқариш стратегияси тасдиқланиши кўзда тутилмоқда.
Ҳужжат давлат қарзи тўғрисидаги маълумотлар очиқлигини таъминлаш бўйича қоидалар ҳам акс эттирилмоқда. Бунда Молия, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирликларига, Олий Мажлис палаталарига маълумот киритиш ҳамда вазирлик ва идораларга давлат қарзи тўғрисидаги маълумотларни ОАВда ёритиб бориш, расмий веб-сайтларда чоп этиш мажбурияти юкланмоқда.
Шунингжек, Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим доирасида хусусий шерикка бериладиган кафолатлар бўйича чекловлар ўрнатиш амалиёти жорий этилмоқда. Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши давлат қарзини бошқариш жараёни фрагментациялашувининг олди олинади, давлат қарзини барқарор даражада сақлашга, Ўзбекистоннинг халқаро рейтинглардаги ўрнини яхшилашга хизмат қилади.
Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.
Айрим аҳоли вакиллари ва ёрдам пули
Ўзбекистонда аҳолининг баъзи қатламларига декабрь ойида бир марталик моддий ёрдам кўрсатилади.
Маълум бўлишича, Шавкат Мирзиёев «Аҳолининг кам таъминланган қатламларини қўллаб-қувватлаш ва ижтимоий ҳимоясини янада кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорни имзолаган.
Қайд этилишича, 2021 йилнинг декабрь ойида аҳолининг қуйидаги қатламларига кирувчи оилаларга 800 минг сўм миқдорида бир марталик моддий ёрдам кўрсатилади:
- 2021 йил давомида «Темир дафтар» рўйхатида бўлган оилаларга;
- 18 ёшга тўлмаган фарзандлари бор боқувчисини йўқотганлик пенсияси ёки нафақасини олувчи оилаларга;
- 18 ёшгача болалар учун ногиронлик нафақасини олувчи оилаларга.
Рекорд даражадаги жаримага тортилган хитойлик блогер
Хитойнинг Ханчжоу шаҳри солиқ бўлими машҳур стример Viya’ни (ҳақиқий исми Хуан Вэй) солиқ тўлашдан бўйин товлагани учун рекорд даражадаги 1,34 миллиард юань (210 миллион доллар) жаримага тортди.
Солиқ бўлими Хуан Вэйни 2019-2020 йиллар давомида 700 миллион юандан ортиқ солиқ тўлашдан бўйин товлаганликда айблади. Агентликнинг хабар беришича, блогер қиз комиссия даромадини яширган, шахсий иш ҳақини корпоратив даромад деб эълон қилган ва солиққа тортиладиган даромадлар бўйича бир нечта ҳисоботларни тақдим этмаган.
Расмийлар Вэй солиқ органлари билан ҳамкорлик қилаётгани ва агар блогер жаримани тўласа, жиноий жавобгарликка тортилмаслигини маълум қилган.
«Кейинроқ блогернинг ўзи ҳам қилмиши учун узр сўради ва ‘солиқ органлари томонидан қўйилган жазони тўлиқ қабул қилишини’ таъкидлади», деб хабар берди Reuters.
Шу билан бирга, Viya’ֹнинг Taobao платформасида бўлиб ўтиши керак бўлган навбатдаги кўрсатуви бекор қилинган.
Viya ўзининг ижтимоий тармоқлардаги аккаунтлари орқали жонли эфирларда турли маҳсулотлардан фойдаланиш бўйича ўз тажрибасини баҳам кўриш орқали пул ишлаб топадиган энг даромадли хитойлик блогерлардан биридир.
Reuters маълумотларига кўра, Viya жонли эфирда «ҳамма нарсани сотиш» қобилияти билан машҳур. Ўтган йили эфирлардан бирида у коинотга ракета учириш хизматини 40 миллион юанга сотишга муваффақ бўлган.
Олдиндаги кун омадли келсин. Kommers.uz энг қайноқ янгиликларни ишончли тарзда етказишда давом этади.






