Сурхондарёдаги 4 та туманда тадбиркорлик субъектлари айрим солиқлардан озод қилинади
Солиқ имтиёзлари Бандихон, Қизириқ, Музработ ва Шеробод туманларида татбиқ этилиши белгиланган

Олий Мажлис Сенати томонидан «Солиқ маъмуриятчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистоннинг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун маъқулланди. Бу ҳақда юқори палата матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, қонунининг асосий мақсади қабул қилинган фармон ва қарорларда назарда тутилган тадбирларнинг ҳуқуқий асосларини белгилаб бериш ҳамда тасдиқланган давлат дастурлари ижросини таъминлашдан иборат. Шунингдек, қонунда Сурхондарё вилоятининг Бандихон, Қизириқ, Музработ, Шеробод туманлари, тоғли ва ер майдонлари шўрланган ҳудудларда янгидан ташкил этилган, ушбу туманларда (ҳудудларда) давлат рўйхатидан ўтган ҳолда ўз фаолиятини амалга ошираётган тадбиркорлик субъектларига (кластерлар бундан мустасно) солиқ имтиёзлари тақдим этилиши кўзда тутилган.
Қайд этилишича, тадбиркорлик субъектларининг юридик шахслардан олинадиган ер солиғи, юридик шахслар мол-мулкига солинадиган солиқ, айланмадан олинадиган солиқ, якка тартибдаги тадбиркорлар учун жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг қатъий белгиланган суммасини тўлашдан озод қилиниши белгиланган. Имтиёз 2024 йил 1 январга қадар бўлган даврда амал қилади.
Шунингдек, Сурхондарё вилояти тоғли ҳудудлари ва ер майдонлари шўрланган ҳудудларида янгидан ташкил этилган, ушбу ҳудудларда давлат рўйхатидан ўтган ҳолда ўз фаолиятини амалга ошираётган тадбиркорлик субъектлари (бундан кластерлар мустасно) 2021 йил 10 сентябрдан 2024 йил 1 январга қадар бўлган даврда фойда солиғини белгиланган солиқ ставкаларига нисбатан 50 фоиз камайтирилган солиқ ставкалари бўйича тўлаши кўзда тутилган.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, имтиёзлар жорий қилиниши натижасида ушбу ҳудудларда 1400 дан ортиқ тадбиркорлик субъектлари янгидан ташкил этилади ва улар ихтиёрида 13 миллиард 400 миллион сўм маблағ қолдирилади.
Аввалроқ Ўзбекистонда божхона тўловининг дастлабки қарорини олиш тадбиркорлар учун ихтиёрий қилиниши мумкинлиги хабар қилинганди. Шунингдек, Ўзбекистонда рақамли экотизимга уланган тижорат платформалари учун солиқ имтиёзи белгилангани ҳақида хабар берилди.






