Tahinis ресторанлар тармоғи биткоин сабаб 5 баравар кўп фойда кўрди
Tahinis 2020 йил август ойидан бошлаб ўзининг соф фойдасини криптовалютага сармоя қилиб келади

Канададаги Tahinis Яқин Шарқ ресторанлар тармоғи биткоин хариди сабабли даромадини 460 фоизга оширди. Бу ҳақда Business Insider нашри хабар берди.
Tahinis 2020 йил август ойидан бошлаб ўзининг соф фойдасини криптовалютага сармоя қилиб келади. Тармоқ асосчиларидан бири Али Ҳамам тармоқ ҳар ой, ҳатто унинг қиймати 64 минг доллардан ошган кунларда ҳам биткоинга сармоя киритишда давом этганини таъкидлади.
Сўнгги бир йил ичида Tahinis’нинг савдоси 8 миллион доллардан ошди. Ҳозирда тармоқ саккизта ресторанга эга, келгуси йилда компания яна 20 та савдо нуқталарини очишни режалаштирмоқда.
Али Ҳамам, шунингдек, умумий инфляция шароитида биткоинга сармоя киритиш истиқболли эканини таъкидлади.
«Парранда гўшти 45 фоизга, мол гўшти 25 фоизга, импорт қилинадиган маҳсулотлар ва зираворлар 65 фоизга, ёғлар 110 фоизга ўсди. Шундай шароитда пулимизни биткоинга инвестиция қилиш мантиқий эди. Ушбу криптовалюта қийматининг ўсиши биз келгуси ўн йилликда кўрадиган ҳар қандай инфляция даражасидан ошади», — дея қўшимча қилди ресторанлар тармоғи ҳаммуассиси.
Маълумот учун, 9 ноябрь куни биткоин нархи 68 минг доллардан ошиб, рекорд даражага етганди. Ҳафта давомида танга нархи 12 фоиздан ортиқроқ пасайди.






