Таҳлил: қиёсий устунлик нуқтаи назаридан инвестициялар учун энг жозибадор тармоқлар
ПМТИ экспертлари қиёсий устунлик нуқтаи назаридан инвестициялар учун энг жозибадор тармоқларни аниқлади. Тадқиқот натижасида иккита саноат гуруҳи аниқланди.

Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти экспертлари қиёсий устунлик нуқтаи назаридан инвестициялар учун энг жозибадор тармоқларни аниқлади. Институт матбуот хизмати таҳлил натижаларини Kommers.uz’га тақдим этди.
Инвесторлар учун потенциал жозибадор бўлиш учун қулай ишбилармонлик ва инвестиция муҳитига эга бўлишдан ташқари, саноат сохалари маълум қиёсий афзалликларга эга бўлиши керак. Тадқиқот натижасида иккита саноат гуруҳи аниқланди.
Биринчи гуруҳ — халқаро савдода қиёсий устунликка эга бўлган ва инвестициялардан дарҳол даромад олиши мумкин бўлган тармоқлар мажмуи. Булар тўқимачилик саноати, кийим-кечак ишлаб чиқариш, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, электр жиҳозларини ишлаб чиқаришдир.
Ушбу тармоқларнинг қиёсий афзалликларини белгиловчи асосий омиллар меҳнат харажатлари, потенциал бозорлар ва мавжуд хом ашё ҳисобланади.
Иккинчи гуруҳ — ривожланиш потенциалига эга бўлган, лекин инвестициялардан маълум шароитларда даромад оладиган тармоқларни ифодалайди. Бунга кимё саноати, қора металлургия, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш киради.
Ушбу тармоқларнинг ҳозирги устунлиги энергия нархининг нисбатан пастлиги билан боғлиқ. Бироқ, бу афзаллик бозордан ташқари омилларга, бу ҳолатда, сунъий чеклаш ва энергия нархини субсидиялаш орқали асосланади.
Либераллаштириш шароитида технологик сиёсатни такомиллаштириш ва маҳсулот бирлигига ресурслар сарфини сезиларли даражада камайтириш шарти билан ушбу тармоқларга қўйилган инвестициялар даромад келтиради.
Тармоқларнинг қиёсий афзалликларини баҳолаш ички ва жаҳон нархларида ҳисобланган ялпи маҳсулотдаги қўшилган қиймат улушининг нисбатларидан фойдаланган ҳолда амалга оширилди. Ҳисоб-китоблар учун ҳар бир кўриб чиқилаётган соҳа учун асосий маҳсулотлар танланган.






