Талабаларга икки ойлик ижара ҳақи ҳеч қандай шартномасиз тўлаб берилади
Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан, биринчи курс талабаларига ижара шартномаси талаб этмасдан ижара компенсацияси тўлаб берилади

Ўзбекистондаги ОТМнинг 1-босқич талабаларига икки ойлик ижара ҳақи ҳеч қандай шартномасиз тўлаб берилади.
Маълум қилинишича, 1-курсда таҳсил олаётган, ижарада яшайдиган талабаларга, истисно тариқасида, сентябрь ва октябрь ойи ижара тўловларининг 50 фоизи, Тошкент шаҳрида БҲМнинг 1 бараваригача (ҳозирда 300 минг сўм), қолган ҳудудларда эса БҲМнинг 0,5 бараваригача (ҳозирда 150 минг сўм) ҳеч қандай ижара шартномаси талаб этилмасдан тўлаб берилади. Ижара шартномасини тақдим этган талабаларга ноябрь ойидан тўловлар давом эттирилади.
Маълумот учун, Ҳукумат қарори билан 2021 йил 1 майдан бошлаб ётоқхона билан қамраб олинмаган ва ўзига, шу жумладан, ота-онасига (қонуний вакилларига) тегишли бўлмаган уйда ижарада яшайдиган талабаларга улар томонидан тўланадиган ойлик ижара тўловининг 50 фоизи буджет маблағлари ҳисобидан қоплаб берилиши белгиланган.






