Тарихдаги илк SMS 150 минг долларга сотилди
Ким ошди савдосидан тушган маблағ хайрия ишларига сарфланади.

Vodafone оператори Париж аукционида тарихда юборилган биринчи SMS’ни NFT кўринишида 150 минг долларга сотди. Бу ҳақда Engadget хабар берди.
Қайд этилишича, оператор ким ошди савдосидан тушган пулни Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг қочқинлар бўйича агентлигига хайрия қилади. Биринчи SMS 1992 йил 3 декабрда Vodafone директори Ричард Жарвисга тест ўтказиш бўйича муҳандис Нил Папуорт томонидан юборилган. Унда Папуорт Жарвисни Рождество байрами билан табриклаган.

NFT (Non-fungible token) — ўзгармас токен. Бундай токенларнинг атиги 1 фоизи 1,5 минг доллардан қиммат туради, 75 фоизи 15 доллар ёки ундан пастроққа сотилади. NFT нархи визуал хусусиятларга, сотувчининг машҳурлигига ва олдинги сотувларга асосланади.
Аввалроқ Илон Маскнинг талабалик давридаги ишлари, аниқроғи имтиҳон варақаси аукционда сотилгани хабар қилинганди.






