Telegram рақобатчиси мессенжерни ишончсизликда айблади. Дуров бунга муносабат билдирди
Telegram фойдаланувчиларига мессенжерда тест ўтказиш таклиф қилинган.

Signal мессенжери асосчиси Мокси Марлинспайк Telegram жамоаси барча фойдаланувчиларнинг маълумотларини булутда очиқ форматда сақлашини айтди ва шу билан Дуровнинг мессенжерини ишончсизликда айблади. Ўз навбатида, Павел Дуров бунга муносабат билдирди.
«Telegram сизнинг барча контактларингиз, гуруҳларингиз, медиа ва сиз юборган ёки қабул қилган ҳар бир хабарни ўз серверларида очиқ матн кўринишида сақлайди», — дейди Signal мессенжери асосчиси Мокси Марлинспайк.
Унга кўра, Telegram шифрлаш тизимидан фойдаланмайди ва унинг ҳар қандай ходими фойдаланувчиларнинг шахсий маълумотларига бемалол кира олади.
Мокси Марлинспайк Telegram фойдаланувчиларига мессенжерда тест ўтказишни таклиф қилган.
«Telegram’ни ўчириб ташланг ва янги телефонда ўша рақам билан янги аккаунт очинг. Сиз баҳам кўрган барча хабарларни, барча гуруҳларингизни дарҳол кўрасиз. Қанақасига? Буларнинг барчаси уларнинг серверларида, оддий матн кўринишида турибди», — дейди Марлинспайк.
Унинг фикрича, Facebook мессенжери ва WhatsApp Telegram’дан ишончлироқ.
Telegram асосчиси Павел Дуров бунга жавобан унинг жамоаси «фойдаланувчиларнинг махфийлигини сақлаш бўйича берган ваъдасига содиқ қолаётганини» ва WhatsApp каби Америка иловалари шифрлаш ҳақидаги даъволарга қарамай, маълумотларни учинчи шахсларга реал вақтда узатаётганини айтган.
Дуров ўз постида АҚШнинг Федерал қидирув бюроси(ФҚБ) ҳисоботи ва The Rolling Stone терговига таянган. Унда айтилишича, WhatsApp ва iMessage ФҚБга реал вақт режимида фойдаланувчилар маълумотларини суд қарорисиз «кўп ҳолларда» тақдим этган.
Telegram асосчисининг ёзишича, бошқа мессенжерларнинг дастурчилари Америка расмийларининг буйруғига кўра, разведка хизматлари смартфонларни бузиши ва фойдаланувчилар ҳақида шахсий маълумотларни олиши учун фойдаланадиган иловаларга «махфий кириш эшиклари»ни ўрнатмоқда.
«Anom, Signal каби баъзи иловалар бошиданоқ давлат идоралари томонидан молиялаштирилди», — дейди Дуров.
Telegram асосчиси, шунингдек, америкалик рақобатчиларининг норози кайфияти ҳақида ҳам тўхталиб ўтган.
«Америкалик рақобатчиларимиз маркетингга катта сармоя киритганига қарамай (Telegram ҳеч қачон маркетингга инвестиция қилишга мажбур бўлмаган) Telegram каби ўсишга эриша олмаганидан норози эканликларини эшитдим. Аммо биз билан солиштириш учун улар биринчи навбатда ўз ҳаракатларининг маркетинг даъволарига мос келишига ишонч ҳосил қилишлари керак. Унгача, афсуски, маълумотларнинг сизиб чиқиши ва уларнинг иловаларидаги хавфсизлик муаммолари муқаррар бўлиб қолади», — дейди Дуров.
Аввалроқ Telegram фаолиятида глобал носозлик кузатилгани хабар қилинганди.






