Тўқаев бойликлар нотенг тақсимланганини айтди. Тенгсизлик бўйича қайси давлатлар Қозоғистондан олдинда?
Джини индексига кўра Қозоғистон тенгсиз бойлик тақсимоти бўйича биринчи ўринлардан узоқда.

Қозоғистон Президентининг таъкидлашича, мамлакатда 162 киши миллий бойликларнинг катта қисмини жамлаган. Бу ҳақда «РБК» хабар берди.
Қозоғистон Президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев 21 январь куни республикадаги бойлар ва камбағаллар ўртасидаги даромадлар тафовути қабул қилиб бўлмайдиган даражага етгани, январдаги норозилик намойишлари учун «ёқилган гугурт ва попрох бочкаси» ролини ўйнаганини айтган.
«Халқаро экспертларнинг таъкидлашича, атиги 162 киши [мамлакат] бойлигининг ярмига эгалик қилади», — деган Тўқаев.
Қайд этилишича, 162 киши шартли кўрсаткичдир. У KPMG’нинг Қозоғистон ва Марказий Осиё бўйича 2019 тадқиқотига мослаштирилган бўлиб, унда Credit Suisse Research Institute’нинг 2018 йилги Жаҳон бойлик ҳисоботи маълумотлари асос сифатида фойдаланилган. Credit Suisse Research Institute маълумотларига асосланиб, Қозоғистон KPMG ўшанда мамлакатдаги ёши катта аҳолининг 0,001 фоизи ёки 162 кишининг (ҳар бирида) 50 миллион доллар ёки ундан ортиқ бойлик ёки умумий миллий бойликнинг тахминан 55 фоизига эгалик қилишини тахмин қилган.
Таъкидланишича, унда бойлар ва камбағаллар ўртасидаги даромадларни эмас, балки активларни тақсимлашдаги тенгсизлик ҳақида гап кетган. Credit Suisse маълум қилишича, ҳозирда тадқиқот институтида бойлиги 50 миллион доллардан ортиқ бўлган қозоғистонликлар сони ва уларга тегишли миллий бойлик улуши ҳақида сўнгги маълумотлар йўқ.
Мамлакатнинг ёши катта аҳолиси орасида активлари 50 миллион доллардан ортиқ бўлган фуқаролар улуши бўйича Қозоғистон юқори кўрсаткичларга эга эмас. Масалан, 2020 йил охирида Россияда кўрсаткич 2967 нафар ўта бой шахслар ёки ёши катта аҳолининг 0,0027 фоизни ташкил этади: бу улуш Қозоғистондагидан икки баравар кўп.
Шунигдек, 2020 йил учун Credit Suisse маълумотларига кўра, АҚШнинг ёши катта аҳолиси орасида бойлиги 50 миллион доллардан ортиқ бўлган фуқароларнинг улуши янада юқори — 0,044 фоиз. Қозоғистоннинг нисбий кўрсаткичи (2018 йилга нисбатан унчалик ўзгармаган деб ҳисоблаганда) Бразилия ва Ҳиндистон билан солиштириш мумкин. Аммо, бу мамлакатлардан фарқли ўлароқ, Қозоғистоннинг бойликка эга ёши катта аҳолиси кўп эмас — 12,2 миллион киши.
Мамлакат аҳолисининг 1 фоизига қанча миллий бойлик тўғри келишини ҳисоблаган бошқача ёндашувни қўллаган Жаҳон тенгсизлик лабораторияси маълумотларига кўра, Қозоғистон нафақат Россия ва АҚШга ҳам ютқазган, бу кўрсаткич бўйича давлатлар рўйхатининг ўртасида жойлашган.
Credit Suisse томонидан ҳисобланган Джини индексига (даромадлар тенгсизлиги даражасини акс эттиради) кўра, Қозоғистон биринчи ўринлардан узоқда — 2020 йил учун 76,4 фоиз. Кўрсаткич 100 гага қанчалик яқин бўлса, мамлакатда даромадларнинг тақсимланиши шунчалик нотекис бўлади.
Таққослаш учун: Credit Suisse маълумотларига кўра, Бразилияда бу кўрсаткич 89 фоиз, Россияда — 87,8 фоиз, Ҳиндистонда — 82,3 фоиз, Мексикада — 80,5 фоиз, Мисрда — 79,2 фоиз. Индексни ҳисоблашда унинг таҳлилчилари Қозоғистоннинг расмий статистикасига таянган. Аммо Қозоғистонда 2020 йилда 5,3 фоизни ташкил этган расмий қашшоқлик даражаси Жаҳон банкининг 12–14 фоизлик тахминларидан анча орқада қолмоқда.
Аввалроқ Қозоғистон энергетика вазирининг собиқ ўринбосари ҳибсга олингани хабар қилинганди. Шунингдек, Қозоғистон Президенти тартибсизликлардан кўрилган тахминий зарарни маълум қилгани ҳақида хабар берилди.






