Тўқимачилик маҳсулотини экспорт қилувчилар ташиш харажати компенсация қилинади
Президентнинг тегишли фармонига кўра, 2024 йил 1 январга қадар Европа, Туркия, Миср ва Марокаш давлатларига газлама, трикотаж мато маҳсулотларини экспорт қилишда ташиш харажатларининг 70 фоизини компенсация қилишга субсидиялар тақдим этилади

Президентнинг «Тадбиркорлик субъектлари экспорт фаолиятини қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони қабул қилинди.
Президентнинг 2022 йил 28 январдаги «2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида»ги ПФ–60-сон Фармонига мувофиқ, шунингдек, маҳаллий маҳсулотларнинг янги истиқболли бозорларга кириб бориши учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида:
- Экспортни рағбатлантириш агентлиги томонидан экспорт билан боғлиқ кредитларни ўз вақтида сўндириб келаётган тадбиркорлик субъектларига кредитнинг сўндирилган қисмига мутаносиб равишда қўшимча кредитлар ажратишга рухсат этилади;
- 2024 йил 1 январга қадар Европа, Туркия, Миср ва Марокаш давлатларига газлама, трикотаж мато маҳсулотларини экспорт қилишда ташиш харажатларининг 70 фоизини компенсация қилишга субсидиялар тақдим этилади.
Экспортни рағбатлантириш агентлиги томонидан тижорат банкларига экспорт билан боғлиқ савдо операциялари ва экспортолди молиялаштириш кредитлари учун молиявий ресурслар тақдим этиш ҳамда экспорт қилишда ташиш харажатларининг бир қисмини компенсация қилиш тартибларига тегишли ўзгартириш киритилади.






