Тошкент халқаро туризм ярмаркасида фаол ҳудуд ва ташкилотлар тақдирланди
Тошкент халқаро туризм ярмаркасида иштирок этган маҳаллий ҳудудлар ва ташкилотлар «Энг намунали стенд», «Энг фаол стенд», «Энг мукаммал архитектура соҳиби», «Энг меҳмондўст стенд» каби қатор номинациялар бўйича тақдирланди

Тошкент шаҳрида 2 ноябрь куни «Ипак йўлида туризм» 27-Тошкент халқаро туризм ярмаркасининг учинчи куни тадбирлари бўлиб ўтди. Туризм ва маданий мерос вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Унда маълум қилинишича, ялпи сессиялар ва B2B учрашувлардан сўнг куннинг иккинчи ярмида «ТХТЯ—2022» тадбирида фаол иштирок этган ҳудудлар ва ташкилотлар муносиб тақдирланган.
Расмий ёпилиш маросимида туризм ва маданий мерос вазири ўринбосари Ботир Шаҳриёров бош вазир ўринбосари — туризм ва маданий мерос вазири Азиз Абдуҳакимов номидан ярмаркага ташриф буюрган хорижлик ва маҳаллий иштирокчиларга самимий миннатдорлик билдирди ва тадбирнинг муваффақиятли ўтгани билан барчани қутлади.

Шунингдек, тадбирда Тожикистон ҳукумати қошидаги Туризмни ривожлантириш қўмитаси раиси Тожиддин Жўразода, BBC World News нашрининг Евроосиёдаги тижорат хизмати раҳбари Сергей Становкин, Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги туризм элчиси Софи Ибботсон, Россия Туроператорлари ассоциацияси (АТОР) ижрочи директори Мая Ломидзе, Қирғиз Туризмни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш жамғармаси президенти Елена Калашникова, Озарбайжон Давлат туризм агентлиги раис маслаҳатчиси Кенан Гулузода, инглиз саёҳат ёзувчиси Марк Эллиот бошқа хорижлик мутахассислар ҳам иштирок этди.
«Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти юқори экани кўп бора таъкидланган. Тошкент халқаро ярмаркасида ташриф буюриб, бунга яна бир бор амин бўлдим. Маҳаллий стендларни томоша қила туриб, юртингизда хорижий туристларни ўзига жалб қила оладиган жиҳатлар кўп эканлигига ишонч ҳосил қилдим. Ярмаркада иштирок этганимдан, бу муҳим воқеликнинг бир қисмига айланганимдан хурсандман», — деди Тожиддин Жўразода.

Озарбайжон Давлат туризм агентлиги раис маслаҳатчиси Кенан Гулузода эса туризмнинг ҳар бир соҳасини ривожлантиришда Ўзбекистон тажрибаси кўп давлатларга ўрнак бўлишини қайд этди.

Маросимда ярмаркада иштирок этган маҳаллий ҳудудлар ва ташкилотлар «Энг намунали стенд», «Энг фаол стенд», «Энг мукаммал архитектура соҳиби», «Энг меҳмондўст стенд» каби қатор номинациялар бўйича тақдирланди.

Қолаверса, ташкилотлар «Энг реалистик ва ноёб стенд», «Мамлакат винотуризм салоҳиятини намойиш этгани учун», «Энг зўр стенд», «Энг сахий ҳамкор», «Туризм ривожи йўлидаги самарали хизматлари учун» каби номинацияларда алоҳида эътироф этилди.
Маълумот учун, «ТХТЯ–2022»да 30 давлатдан 300 дан ортиқ иштирокчи қатнашди.





