Тошкент шаҳар бош режаси бўлмагунча, янги қурилишларга мораторий эълон қилинади
Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрининг бош режаси тасдиқланмагунча янги қурилишларга мораторий эълон қилинишини таъкидлади
Шавкат Мирзиёев 8 февраль, чоршанба куни пойтахт жамоатчилик вакиллари ва мутасаддилар иштирокида йиғилиш ўтказди.
Президент матбуот хизматининг хабар беришича, мазкур йиғилишда давлат раҳбари қурилишга рухсат берилганда, мавжуд инфратузилмага юклама бўйича аниқ ҳисоб-китоб қилинмаётгани, яшил майдонлар ташкил қилиш ишлари қурилишлар билан ҳамоҳанг олиб борилмаётганини танқид қилди.
Шу сабабли шаҳарнинг бош режаси тасдиқланмагунча янги қурилишларга мораторий эълон қилиниши таъкидланди.
Шунингдек, 2023 йилда Тошкент шаҳрининг яшиллик даражасини 28 фоизга етказиш вазифаси қўйилди.
Шу мақсадда 100 гектар майдонда янги боғ ташкил қилинади. «Тошкент яшил белбоғи» лойиҳаси бошланиб, баҳор мавсумида 525 минг туп дарахт ва бута, 20 миллион туп гул кўчати экилади.