«Тошкент» ва Нyatt Regency меҳмонхоналарини хусусийлаштиришга консультант танланди
Консультант учун танловда 6 та ташкилотдан таклифлар ўрганилган

Тошкент шаҳрида сотувга қўйилган «Тошкент» ва Нyatt Regency Tashkent меҳмонхоналарини хусусийлаштиришга консультант танланди. Бу ҳақда Давлат активларини бошқариш агентлиги матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, танлов жараёнида 6 та ташкилотдан берилган таклифлар, жумладан консорциум шаклидагилари қабул қилиниб, талабгорларнинг молиявий таклифлари, соҳадаги тажрибаси, малакаси ва активларни сотиш бўйича ёндашувлари бўйича сараланган.
Саралаш натижаларига кўра, KPMG компаниясининг давлат активларини хусусийлаштириш жараёнини ташкил этиш бўйича тақдим этган таклифи юқори боҳоланган ва танлов ғолиби деб топилган.
Таъкидланишича, Давлат активларини бошқариш агентлиги жалб этилган маслаҳатчи билан бирга активларнинг шаффоф ва муваффақиятли сотилиши учун барча чораларни кўради.
Маълумот ўрнида, хусусийлаштириш бўйича маслаҳатчи томонидан амалга ошириладиган вазифалар доирасига давлат активларини ва тегишли бозор сегментини таҳлил қилиш, активларнинг жозибадорлигини кўрсатиб берувчи тизер тайёрлаш ва потенциал харидорлар орасида тарғибот олиб бориш, активларнинг молиявий, солиққа оид, юридик масалалари бўйича (due-diligence) ҳисоботларни шакллантириш, потенциал харидорларни ўрганиш, сотиш стратегияси ва босқичлари, шунингдек, потенциал харидорлар билан музокаралар ўтказиш юзасидан тавсияларни буюртмачига тақдим этиш киради.
Шунингдек, мазкур активларнинг бозор қийматини аниқлаш мақсадида мустақил профессионал баҳоловчи ташкилотлар жалб қилинади.
Аввалроқ Тошкентдаги Қўйлиқ, Олой, Ўрикзор ва яна бир қанча бозорлар сотилиши хабар қилинганди. Шунингдек, Марказий банк депозит операциялари бўйича аукцион ўтказилишини эълон қилгани ҳақида хабар берилди.






