Тошкент вилоятида «дафтар»ларда турувчи ёшларга 5531 гектар ер ажратилади
Ер майдонлари ҳудуднинг 15 та туманидан берилиши белгиланган.

Тошкент вилояти ёшларига 5531 гектар ер майдони деҳқончилик билан шуғулланиш учун ажратилади. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2021 йил 23 ноябрда «Мева-сабзавотчилик ва узумчиликда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришида деҳқон хўжаликларининг улушини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинган.
Қарорга кўра, деҳқон хўжалиги юритиш учун ер участкаларини очиқ танлов орқали ижарага беришда «дафтар»ларда рўйхатда турган эҳтиёжманд оилаларга алоҳида устуворлик белгиланган.
Ҳужжат ижроси юзасидан Кадастр агентлигининг Тошкент вилояти бошқармаси ахборот хизматининг маълум қилишича, ҳудуддаги «дафтар»ларда рўйхатда турувчи жами 38 мингдан ортиқ ёшларга вилоят ҳудудининг 15 та туманидан балл бонитети ўртача 60 дан кам бўлмаган, жами 5531 гектар ер майдони ажратилади.
Бундан кўзланган мақсад ёшларни банд қилиш, аҳолининг даромад топиш ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, ўз бизнесини ташкил этишга кўмаклашиш экани қайд этилган. Шунингдек, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилишида деҳқон хўжаликлари улушини ошириш ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини барқарорлаштириш ҳам кўзда тутилган.
Аввалроқ Ўзбекистонда деҳқончилик учун 1 гектаргача ер ижарага берилиши хабар қилинганди.






