Тошкент вилоятида ҳайкал ва кутубхона қурилиши учун ажратилган 34 млрд сўм бюджетга қайтарилди
Собиқ ҳокимнинг 2021 йил 3 ноябрдаги фармойиши ўз кучини йўқотди.

Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев ҳудуднинг аввалги ҳокими Даврон Ҳидоятов томонидан имзоланган фармойиш билан ажратилган 34 миллиард сўмни бюджетга қайтариш тўғрисида ҳужжат имзолади.
Маълум бўлишича, вилоят маҳаллий бюджетининг 2021 йил III чорак якуни билан шаклланган даромадлар режасининг орттириб бажарилган қисми ҳисобидан Даврон Ҳидоятовнинг 2021 йил ноябрь ойидаги фармойишига мувофиқ ажратилган ўттиз тўрт миллиард тўрт юз миллион сўм маблағ вилоят маҳаллий бюджетига тикланган.
Ушбу маблағ вилоятдаги ногиронлиги бўлган, кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларнинг уй-жойларини таъмирлаш учун вилоят «Саховат ва кўмак» жамғармасига ўтказиб бериш мақсадида вилоят ҳокимлигига 1 650 000,0 минг (бир миллиард олти юз эллик миллион) сўм маблағ ажратилган.
Бунда, Даврон Ҳидоятовнинг 2021 йил 3 ноябрдаги «Нурафшон шаҳрида Зулфия Закирова номига ҳайкал мажмуасини қуриш ва атрофини ободонлаштириш ҳамда ‘Nurafshon Business Cityʼ ҳудудида замонавий кутубхона биносининг қурилиши тўғрисида»ги фармойиши ўз кучини йўқотган деб топилди.






