Тошкент вилоятида Туркманистон манатини долларга алмаштираётганлар қўлга олинди
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 177-моддаси билан жиноят ишлари қўзғатилди.
Тошкент вилоятида валюта қимматликларини ноқонуний муомалага киритаётганлар қўлга олинди. Бу ҳақда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Тошкент вилояти бошқармаси ва ДХХ ходимлари томонидан валюта қимматликларининг ноқонуний муомалага киритилишининг олдини олиш юзасидан тезкор тадбир ўтказилди.
Унда фуқаролар Р.Б. ва О.А. ўзаро тил бириктириб, фуқаро Р. га 77,9 минг Туркманистон манатини 6500 долларга сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Шу каби Чилонзор туманида жойлашган савдо маркази олдида ўтказилган тезкор тадбирда фуқаролар Б.А. ва А.Қ. ўзаро тил бириктириб, 213 минг Туркманистон манатини фуқаро Р. га 13 минг доллар ва 60 миллион сўмга сотган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 177-моддаси (валюта қимматликларини қонунга хилоф равишда олиш ёки ўтказиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилаётгани маълум қилинди.
Маълумот учун, Ўзбекистонда ҳеч қайси банк Туркманистон манатини сотмайди ва сотиб олмайди.